Эрон элчиси: зиёрат туризми, жаҳондаги вазият ва Ўзбекистон билан алоқалар ҳақида
Кеча, 4 апрел куни Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхони устида кечган самимий мулоқотда элчи жаноблари Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида батафасил тўхталди.
Мамлакатимиз билан Эрон ўртасидаги муносабатлар 1992 йилдан бошланган. Дастлаб пойтахтимизда Эрон элчихонаси очилган бўлса, 1995 йили Теҳронда Ўзбекистон элчихонаси фаолияти йўлга қўйилган.
Элчи Муҳаммадали Искандарийнинг таъкидлашича, шу даврга қадар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик асосан савдо-иқтисодий йўналишда бўлган. 2022 йил сентябр ойида Эрон Ислом Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ва 2023 йил июн ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Эронга ташрифи ҳамкорликни янада жонлантириб юборди. Ана шу ташрифлар натижасида ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга ошириш бўйича йўл харитаси имзоланган. Икки давлат иқтисодий, сиёсий, маданий, спорт ва бошқа соҳаларда 20 дан ортиқ юқори даражадаги делегацияларнинг ўзаро ташрифи амалга оширилган. Шу вақтга қадар савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан ва бошқа соҳаларга оид 50 дан ортиқ ҳужжат имзоланган. Ҳамадон ва Бухоро вилоятлари ўртасида ҳамкорлик йўлган қўйилган. Жорий йилда Ўзбекистон ва Эронда санъат ва маданият ҳафталикларини ўтказиш режалаштирилган.
2022 йили савдо ҳажми 436 миллион доллар, 2023 йили эса 504 миллион долларни ташкил қилган. 2022 йил билан солиштирганда бу борадаги ўсиш 17 фоизга етган.
– Албатта, бу ўсиш мамлакатларимиз учун етарли эмас, – деди Элчи Муҳаммадали Искандарий. – Шу сабабли ҳам икки мамлакат тадбикорлари ўртасида янада кучли ҳамкорлик қўйилиши зарур. Эронда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати евростандарт талабларига тўлиқ жавоб беради.
Етмишдан ортиқ мамлакатда бўлган дипломат сифатида ўзбек халқидек меҳрибон ва меҳмондўст халқни кўрмадим. Мамлакатларимиз ўртасида ҳафтасига икки марта авиапарвозлар амалга оширилади. Бу кам, чунки эронликлар ҳам Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд ва Бухорога келишни, зиёрат қилишни хоҳлашади. Албатта, келгусида зиёрат туризм бўйича ҳамкорлигимиз кучайишига ишонаман.
Элчи Муҳаммадали Искандарий халқаро масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. У «Афғонистон ва ва Ғазо секторидаги воқеалар бизни ҳам ташвишга солади» деди, Элчининг билдиришича, Эрон 6 миллиондан ортиқ афғонистонлик қочқинларга жой берган, улар таълим, тиббий хизмат билан қамраб олинган. У дунё ҳамжамияти Ғазо секторида тезроқ тинчлик ўрнатилиши, бу минтақада ҳар қандай урушлар тўхталиши зарурлигини таъкидлади.
Мулоқот жараёнида элчи журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter