Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ер участкасини олиб қўйишдаги муҳокамада ОАВ ҳам қатнашади

Ер участкасини олиб қўйишдаги муҳокамада ОАВ ҳам қатнашади

Фото:«Xabar.uz»

Энди ер участкасини олиб қўйишда ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бизнес-Омбудсман бош инспектори Шерзод Саидов маълум қилди.

Амалдаги тартиб бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори  билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга кўра:

- ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;

- ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади;

- Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;

- олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади;

- ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади;

- ҳокимлик ёки инвестор томонидан мулкдорларга компенсация бериш ишлари амалга оширилади;

- келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг:

- мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади;

- ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади;

- адлия органлари компенсация берилгани, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилгани ва бошқа ҳолатларни ўрганади, сўнг ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади;

- адлия органларининг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг