Ер ўзи хатланганми? Балиқчидаги бу харобани тадбиркор обод қилиши мумкин эди
Республика ишчи гуруҳи Андижон вилоятининг Балиқчи туманига сафари давомида «Ўлмас» МФЙ Гулобод кўчасида жойлашган собиқ Машина-трактор парки (МТП) гаражи ҳудудида фуқаролар — Ғ.Усмонов, Б.Жалолов ва Дурдона Эргашевага тегишли 10 сотихдан жами 30 сотих ер фойдаланилмасдан, хароб аҳволда ётганини аниқлади. МТПнинг асосий бинолари эса нураб тушган, қаровсиз ва қўрқинчли бир ҳолатга келиб қолган.
Дурдона Эргашева «Ўлмас» МФЙ Гулобод кўчасидаги 34-уйда яшайди. У эски МТП ҳудудидаги 10 сотих ерни маиший хизмат кўрсатиш, сартарошхона ва гўзаллик салони қуриш учун, Балиқчи тумани ҳокими Ўткирбек Бектемировнинг қарорига кўра, 2016 йил 20 сентябрда тендер танловида ютиб олди. Ғолиб сифатида унга 3,4 миллион сўмга ер доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган. Аммо бунинг учун тадбиркор бир йил давомида 20 та иш ўрнини яратган ҳолда қурилишга 220 миллион сўм инвестиция киритиши лозим эди.
Шундан сўнг тадбиркор 2017 йил 16 августда ажратилган ерда қурилиш объектини лойиҳалаш учун «Архитектура режалаштириш топшириғи 5-32 АРТ-1-2»ни тасдиқлатади. Бироқ шу вақтга қадар бу ерда, суратга кўриб турганингиздек, ҳеч нарса қурилмаган, бино тугул унинг пойдевори ҳам қўйилмаган.
Ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган тадбиркор Дурдона Эргашевага мазкур масалага ойдинлик киритиш юзасидан айрим саволларни бердик.
— Нега шу вақтгача мазкур ерда ваъда қилинган қурилиш ишларини амалга оширмагансиз?
— Саволингизга жавобни сал узоқроқдан бошласам. Ўзим Андижон саноат-педагогика коллежини меҳнат ўқитувчиси мутахассислиги бўйича 2007 йили тамомлаганман. 2008 йили Балиқчи туманидаги 9-махсус суяк касалликлари интернатига тарбиячи бўлиб ишга кирдим. Интернатда ёшлар иттифоқи етакчиси ҳам эдим. Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк давридан бошлаб тадбиркорликни ривожлантириш бўйича билдирган қатор фикрлар менга куч ва рағбат бағишлади. Қўшниларимиздан етти аёл Туркия ва Қозоғистонга бориб ишлаб келади. Ҳатто эмизикли болаларини ҳам қайнонасига ташлаб олис юртларга кетишганида ўксиниб кетаман.
Отам ва укам ҳам Россияга бориб оғир қурилиш ишларида меҳнат қилишади. Ўзимизда ишлаб рўзғор тебратишга шароит бўлса ким ҳам оиласи бағридан узоққа ишлашга кетади?..
Шу сабабли мен банкдан кредит олиб, шу жойда гўзаллик салони, сартарошхона, пайпоқ цехи очмоқчи эдим. Қурилиш қилиш мақсадида 2017 ва 2018 йилда «Микрокредитбанк», «Ҳамкорбанк», «Агробанк»ка 50 миллион сўм кредит сўраб бордим. Мутасаддилар кредит олиш учун гаров қўйишимни, тўловлар йиллик 30 фоиз асосида бўлишини, шунда ҳам 3 йилга 47 миллиондан ортиқча ололмаслигимни айтишди. Мен гаровсиз йўли йўқми деб сўрадим. Фақат 6 миллион сўм гаровсиз имтиёзли кредит олишим мумкинлигини айтишди. Шундан сўнг маблағ муаммо бўлиб қолди, қурилиш ишлари эса бошланмасдан қолиб кетди.
Ишчи гуруҳи ўрганишга келгач, бу масала билан қизиқди. Шундан кейин бир кун ичида «Ҳамкорбанк» мутахассиси билан жиддий музокара қилдик. Оиладаги уч киши номига энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан жами 51 миллион сўм 7 фоизли имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Кредит ажратилиши билан қурилишни бошлайман. Йигирма нафар аёл-қизни иш билан таъминлайман. Менга қолса ўзбек аёллари қора меҳнат учун четга умуман бормаганлари яхши.
Хатловдаги объект қачон аукционга чиқарилади?
Машина-трактор паркидаги ҳолатни янада чуқурроқ таҳлил қилар эканмиз, нариги томонида мулкдан унумли фойдаланилаётганига гувоҳ бўлдик.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг Андижон вилоят бошқармаси суд ижрочиларининг Балиқчи туман бўлими томонидан аукционга қўйилган гараж ҳудудидаги омборхона биноси ўз эгасини топган эди. 2016 йил 26 февралда якка тартибдаги тадбиркор Шерзод Ниёзов 4 миллион 590 минг сўмга уни сотиб олади. Бино Андижон вилояти хўжалик судининг 2013 йил 26 августдаги 17-1311/7189-ижро варақасига асосан хатланган бўлиб, умумий қурилиш майдони 233,28 квадрат метрга тенг. Шунга асосланиб, 2016 йил 24 июнда Балиқчи туман ҳокимининг хусусийлаштирилган омборхона биносига тегишли 450 квадрат метр ер доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириб берилган.
Мулк қўлга киритилиши билан тадбиркор вақтни бой бермай 2016 йил март ойида Наманган вилоятининг Косонсой туманидан 10 миллион сўмлик ёғоч кесиш ускунасини олиб келиб ўрнатди. Унинг ёнига 5 миллион сўмга тўгарак аррали дастгоҳ қўшилди. Бугун уч киши иш билан таъминланган цехда узоқ-яқиндан мижозлар олиб келаётган ёғочлар уй-жой қуриш учун қурилишбоп маҳсулотга айлантириб берилмоқда. Бир кунда 10 куб метргача ёғоч қайта ишланаяпти.
— Шукурки, ишимни анча йўлга қўйиб олдим. 2017 йили 30 миллион сўм фойда олдим, — дейди 30 ёшли тадбиркор Шерзод Ниёзов. — Оилада олти жонмиз. Тирикчилигимиз ёмон ўтмаяпти. Уч ходимга ҳам ойига 700 минг сўмдан маош бераяпман. Уларнинг ҳам қора қозони қайнаяпти.
Аммо фаолиятимни кенгайтиришим учун ер ва қўшимча бино етишмаяпти. Шу сабабли ишчи гуруҳига туман ер ресурслари балансида бўлган, ҳозир 37 миллион сўмлик қарзи сабабли суд томонидан хатлаб қўйилган МТП ҳудудидан 12 сотихли ерни фойдаланишга сўраган эдим. Бу ерга мен пахта титиш цехи, тегирмон, шолини оқлаш дастгоҳи, ёғоч маҳсулотларини сотиш учун савдо майдончаси қуриш истагида эдим. Бу орқали олти одам иш билан таъминланади.
Шу масала бўйича 2017 йил 28 февралда Балиқчи туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилган эдим. 2017 йил 6 март куни туман бош архитектори вазифасини бажарувчи Р.Жабборов юборган жавоб хатини олдим. Хатда сўралган бинолар Охунбобоев ММТП тасарруфида бўлганлиги, ҳозир бинолар собиқ ширкат хўжалигининг фаолияти давомида вужудга келган қарзи эвазига Балиқчи тумани суд ижрочилари бўлими томонидан хатланганлиги маълум қилинган.
«Шу муносабат билан ушбу бинолар ҳозир тақиқда бўлганлиги сабабли тасарруф этиш мумкин эмаслиги маълум қилинади. Ушбу мурожаат юзасидан Балиқчи тумани суд ижрочилари бўлимига мурожаат қилишингиз мумкинлиги билдирилади», — дейилган.
Бу хатни қўлтиқлаб, суд ижрочилари идорасига бориб, Дилшодбек деган йигитга учрашдим. «Шу ерни олмоқчи эдим, қарзи бўлса аукционга қўйиладими? Агар қўйилса, мен унда иштирок эта оламанми?», — деб сўрадим. Улар эса бу масала бўйича туман ҳокимлигига учрашимни, муаммо бу ерда ҳал бўлмаслигини айтиб яна ортимга қайтаришди. Бошимни эгиб яна туман ҳокимлигига бордим. Улар суд ишларига аралаша олмасликларини айтиб, тарвузимни қўлтиғимдан туширишди. Ҳафсалим пир бўлди. Бино ҳалигача қаровсиз ва эгасиз эканлигидан афсусдаман. Агар бу ерлар ўз эгасини топса қанча одам ишли бўлиб, бюджетга қанча маблағ тушар эди деб ўйлаб қоламан. Ишчи гуруҳи келгач шу фикримни уларга очиқ айтдим.
Азми қатъий йигитнинг куюнишида жон бор албатта. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 29 май куни экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Нима учун маҳаллий ҳокимликлар, секторлар раҳбарлари ҳанузгача бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва жалб қилишдан кўзланган мақсадни чуқур тушуниб етмаётгани кишини ажаблантиради.
Улар қўшимча даромад манбаларини аниқлаш, фаолият кўрсатмаётган юридик шахслар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига эътиборсизлик қилишда давом этмоқда. Ҳайҳотдек бинони хатловга олган собиқ суд ижро департаменти ворис бўлган Мажбурий ижро бюросидан бу масалага аниқлик киритишини кутамиз.
Мажбурий ижро бюросининг Балиқчи туман бўлими раҳбари Шавкатжон Темировнинг маълум қилишича, бу масалада ёш тадбиркорга унинг ходимлари ёрдам қилишган. Аммо ходимлар уларда бундай хатлов ҳужжати мавжуд эмаслигини, лекин тадбиркорга ёрдам беришга тайёрлигини айтишди. Демак, ҳали ернинг кимга тегишли эканлигига ойдинлик киритишга тўғри келади. Хатланган бўлса ҳам уни йиллаб ушлаб ўтирмасдан, белгиланган тартибда аукционга чиқариш керак эмасмиди? Жавобини кутиб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter