Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг яхши китоб тарғиботи ҳақида

Энг яхши китоб тарғиботи ҳақида

Қишнинг сўнгги ойида телеканалларнинг бирида намойиш этилган «Севги изтироби» сериали эфирдан олиб ташлангач, жуда кўпчилик сериалсеварлар (уларнинг аудиторияси бир неча миллионни ташкил этади) «Энди телевизор кўрмас эканмиз-да, телеканалларнинг бирортасида томошага арзигулик на сериал, на кўрсатув бор» деган фикрларни билдирди. Бу ҳақда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда тортишув, баҳс-мунозаралар авж олди. Сериал намойиши тўхтаб қолгани учун Ўзбекистон телеканалларига «бойкот» эълон қилганлар ҳам топилди, яна кимлардир сериал дискини ахтаришга тушди. Сайтларда уларнинг фойда-ю зарари ҳақида бир-бирига қарама-қарши мақолалар эълон қилинди. Хуллас, биргина сериал мавзуси бир неча кун давомида ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.

Аммо бугун (ваҳоланки, орадан кўп вақт ўтмади) сериал мавзуси бутунлай унутилгандек. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзу ортиқ «чайналмаяпти», сайтлардаги мақолалар сарлавҳасини сериал мавзулари безамай қўйди. Ўзим бу сериални сира кўрмаганим учун ҳам ижтимоий тармоқлардаги баҳсларни шунчаки кузатиб бордим.

Яқинда «Фейсбук» тармоғи фойдаланувчиларидан бири: «Сериалларни йиғиштириб, «Ёшлар»га олинглар, энг ажойиб, энг ибратли танлов бошланди. «Ёш китобхон» танлови! Оилавий кўринг, фарзандларингизга ибрат қилиб кўрсатинг», — деб ёзганини кўриб, телевизорни айтилган телеканалга созладим. Ва англадимки, бу ток-шоу шу пайтгача китобхонлик тарғиботи йўлида қилинган энг яхши тарғибот бўлибди. Ниҳоят одамларни, айниқса, ёшларни китоб ўқишга ундайдиган, китоб ўқиган одам ҳеч қачон кам бўлмаслигини наинки тушунтириб, балки кўрсатиб ҳам бера оладиган теледастур пайдо бўлганини кўрдим.

Шу ўринда бир мулоҳазамни билдирмоқчиман. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишидан сўнг телевидение ва матбуотда китобхонликнинг фойдаси ҳақида кўп кўрсатув ва мақолалар эълон қилинди, кўплаб фикрлар билдирилди. Қайси телеканални кўрманг ёки газетани варақламанг, китобхонликнинг ёшлар камолоти, маънавияти юксалишида муҳим ўрин тутиши, китоб ўқиган одам кам бўлмаслиги, буюк боболаримиз бу ҳақида ўта кучли фикрлар билдиргани ва ҳоказолар ҳақида сўз боради. Ҳеч ким ўзига савол бермайдики, соатлаб давом этаётган бу кўрсатувларни кимдир кўраяптими? Саҳифаларни тўлдираётган бу мақолаларни қанча газетхон ўқияпти? Умуман, китобхонликни шу йўсинда тарғиб этиш қанчалик тўғри? Ёшларга китобхонлик ҳақида сўқилган фалсафа уларни қўлига китоб олишга ундайдими? Менимча, йўқ. Ёшларни китоб ўқишга илҳомлантириш учун бошқача тактика зарур.

Шу маънода, бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва «Ёшлар» телеканали қўл урган лойиҳа ҳақиқий маънода оммабоп, томошабоп ва фойдали дастур бўлибди. Китоб ўқиб, билими билан ҳамманинг кўзини қувонтираётган, таъбир жоиз бўлса, китоб ўқиб «Спарк» минаётган ёшларни кўрган фарзандларингизда китоб ўқишга иштиёқ уйғониши аниқ. Албатта, гап фақат автомобилда ҳам эмас, ток-шоуда қатнашаётган ёшларнинг билими тенгдошлари учун ҳақиқий намуна бўлади, фарзандингизда «мен ҳам китоб ўқийман» деган қатъият бугун бўлмаса эртага албатта пайдо бўлиши шубҳасиз.

Бу дастурни алоҳида эътироф этишимнинг сабаби бор. Ҳар куни телевизорда сериал томоша қилишни одат қилганлар бирданига мук тушиб китоб ўқишга ўтиб кетишини кутиш ёзда қордан умидвор бўлишдек гап. Аммо ҳеч бўлмаса ишни китобхонлик ҳақидаги қизиқ, оила даврасида маза қилиб кўрадиган ана шундай ток-шоуларни томоша қилишдан бошлашимиз керак. Эшитишимизча, кўпгина хонадонларда бошқа сериаллар ўрнига ҳам ана шу ток-шоуни томоша қилишни бошлашибди. Ана шундай ташаббуслар давомли бўлишидан умидвормиз!

Дарвоқе, яна бир гап. Ёшлар китоб ўқигани учун албатта ҳукумат ёки қайсидир ташкилот рағбатлантириши шарт эмас. Бу — фарзандининг келажаги учун қайғурган, боласининг катта марраларга эришишини орзу қилган ҳар бир ота-онанинг вазифасидир. Ана шу вазифани унутмасак кифоя.

Озод Комилов, Бухоро вилояти

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг