Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди суюнчи пулини олиш учун ДХМга бориш керакми? (савол-жавоблар)

Энди суюнчи пулини олиш учун ДХМга бориш керакми? (савол-жавоблар)

Фото:«Xabar.uz»

Савол: Энди суюнчи пули олиш учун Давлат хизматларига мурожаат қилиш керак дейишаяпти. Шу ростми?

Жавоб: 2020 йил 23 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 327-сон қарори билан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш регламенти тасдиқланди. Бу давлат хизмати 1 июндан ишга тушди.

Ушбу хизматдан фойдаланиш тартиби қуйидагича: Ариза берувчи бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мазкур нафақани тайинлаш учун Давлат хизматлари марказига борган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этади.

Унда куйидаги хужжатлар тақдим этилади.

- талабгорнинг паспорт нусхаси;

- боланинг туғилганлиги ҳақида ФҲДЁ маълумотномаси;

- боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳнома нусхаси.

Тегишли сўровнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига юборилади. Пенсия жамғармаси ўз навбатида нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Нафақа тайинланган тақдирда, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида маълумот, нафақа тайинлаш рад этилганда рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумот тегишли ДХМга ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборилади. 3 соат вақт давомида маълумотнома мурожаатчига тақдим этилади. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Савол: Фарзандимни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун навбатга қўйган эдим. Нечанчи навбатдалигини қандай билсам бўлади?

Жавоб: Хабарингиз бор, пандемия даврида мактабгача таълим муассасалари ҳам карантинда бўлгани сабабли фаолият олиб бормаяпти. Шу сабабли давлат хизматлари марказларига интеграция килинган идора базаси ҳам ишламайди. Давлат хизматлари агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали фарзандларини давлат мактабгача таълим муассасалари "боғча"ларга жойлаштириш учун навбатга қўйган фуқаролардан мурожаатининг ҳолати юзасидан кўплаб саволлар келиб тушаётгани бор ҳақиқат.

Кўпчилик мурожаатчиларга шуни маълум килмокчимизки, Фарзандингизнинг навбатини Мактабгача таълим вазирлигининг @MtmNavbatBot орқали кузатиб боришингиз ва мавзуга тегишли саволларингизга ҳам бот орқали батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Савол: Давлат хизматлари марказидан судланмаганлик ҳақида маълумотнома олиш пулликми?

Мазкур давлат хизматини олиш учун аввало сўровнома тўлдирилади, онлайн ёки Давлат хизматлари марказларига борган ҳолда.. Сўровномага фуқаролик паспорти маълумотлари киритилади. Демак фуқаролик паспортингиз бўлиши шарт. Агар бошқа шахслар номидан мурожаат қилинса, нотариал тасдиқланган ишончнома илова этилиши талаб этилади. Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 %, яъни 22 минг 300 сўм бож тўлови тўланади. 4 600 сўм давлат хизмати кўрсатилгани учун пуллик хизмат тўлови ҳам бор. Бу ихтиёрий равишда амалга оширилади. Судланмаганлик ҳақида маълумотнома олиш 2 иш куни амалга оширилади.

Савол: Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни йўқотганман. Такрорий гувоҳнома олишим учун қанча пул тўлайман?

Жавоб: Мазкур савол юзасидан қўйидагиларни маълум қиламиз. Такрорий гувоҳномалар олиш учун ҳудудингиздаги Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлимига мурожаат қиласиз. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат, яъни фуқаролик паспорти билан, шунингдек, учинчи шахслар манфаатида ҳаракат қилаётганда – нотариал тасдиқланган ишончнома тақдим этилади. Бу хизматнинг тўлов миқдори қўйидагича: базавий ҳисоблаш миқдоринининг 15 % бож тўлови ҳамда герб йиғими учун ҳам базавий ҳисоблаш миқдоринининг 15 фоизи миқдорида маблағ тўланади.

Савол: Якка тадбиркорман. Турар жойимни нотурарга айлантириш учун қандай ҳужжатлар талаб килинади?

Жавоб: Бугун алоҳида тадбиркорликка алоҳида эътибор берилиб, айниқса пандемия даврида кўпгина енгилликлар берилган. Бу давлат хизматини олиш учун ҳудудингиздаги давлат хизматлари марказига ёки my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат юборилади. Мазкур давлат хизматини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади. Албатта фуқаролик паспорти ва турар жойга биргаликда эгалик қилувчилар, доимий прописка қилинган вояга етган оила аъзолари ҳамда доимий пропискада турувчи (мавжуд бўлса) бошқа шахсларнинг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги илова қилинади. Мазкур давлат хизмати юзасидан маъмурий регламентда белгиланган 8 иш кунида мурожаатингизга жавоб оласиз.

ДХА Навоий вилояти
ахборот хизмати

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг