Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Eco Expo Central Asia 2025»: «яшил» технологиялар намойиши ва барқарор тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиш имкони

«Eco Expo Central Asia 2025»: «яшил» технологиялар намойиши ва барқарор тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиш имкони

Тошкентдаги «CAEx Uzbekistan» кўргазмалар мажмуасида «Eco Expo Central Asia 2025» халқаро экологик технологиялар кўргазмаси минтақада илк бор ташкил этилмоқда.

Ушбу кенг кўламли тадбир 30 дан ортиқ давлатларни бирлаштириб, илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш, конструктив мулоқот олиб бориш ва «яшил» трансформацияни илгари суриш учун етакчи платформага айланмоқда.

Қайд этиш жоизки, кўргазма доирасида замонавий экологик ечимлар тақдим этилиб, иқлим барқарорлиги, ресурсларни тежаш ҳамда тоза технологияларни жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Сунъий интеллект ва яшил энергетика соҳасидаги инновацияларнинг ўзига хос намуналаридан тортиб, сувни тежаш ва экологик таълимга оид илғор ечимларгача — кўргазма келажак технологияларининг кенг қамровли йўналишларини ўз ичига олган.

Иштирокчи мамлакатлар орасида Франция, Жанубий Корея, Тожикистон, Россия, Туркманистон, Италия, Қозоғистон, Австрия, Швейцария, Саудия Арабистони, Германия, Қатар, Хитой, Хорватия, Сингапур, БАА, Беларус, Бельгия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония, Норвегия, Венгрия, Туркия, Грузия, Бангладеш, Миср, Латвия ва Фаластин каби давлатлар бор. Бу эса Марказий Осиёда экологик кун тартибига бўлган юқори халқаро қизиқишни яққол намоён этади.

Глобал иқлим ўзгариши ва саноат инқилоби шароитида мамлакатда барқарор экологик муҳитни таъминлашда Давлат экологик экспертизасининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

«Eco Expo Central Asia 2025» кўргазмаси доирасида Давлат экологик экспертизаси учун алоҳида павильон ташкил этилган.

Ушбу павильонда Давлат экологик экспертизаси хулосалари асосида саноат корхоналари учун белгиланган асосий экологик талаблар — чанг-газ тозалаш ускуналари, локал оқова сув тозалаш тизимлари, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи доимий манбаларда ўрнатиладиган автоматик станциялар ҳамда «яшил белбоғ»ларнинг технологик макетлари намойиш этилмоқда.

Павильон шартли равишда икки контраст зонага — Экологик экспертизасиз муҳит (экологик муаммолар зонаси) ва Экологик экспертиза асосидаги ривожланиш (барқарор келажак зонаси)га бўлинган. Бу икки ҳудудни ажратиб турувчи марказий элемент — табиатни ифода этувчи рамзий дарахт макети бўлиб, у ярим қуриган, ярим яшил ҳолда трансформация ғоясини ифодалайди.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эълон қилинган «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» доирасида ўтказилмоқда. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг экологик ислоҳотларни чуқурлаштириш, «яшил» технологияларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий иродасини яққол намоён этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг