Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Дийдамиз қотаяпти...

Дийдамиз қотаяпти...

Фото: «Tengrinews.kz»

Кеча Қозоғистонда мудҳиш авария содир бўлди. Ўзбекистонликлар кетаётган «Lada Largus» автомобили юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Натижада олти нафар ҳамюртимиз ҳаётдан кўз юмди. Ҳодиса ҳақида ахборот сайтлари хабар бериб, ҳалок бўлганларнинг дастлабки рўйхатини эълон қилди. Ҳаммаси 1977 — 1995-йиллар оралиғида туғилган эр йигитлар, бу сафар Хоразм мотам ичида қолди.


Мавзуга доир:
Қозоғистонда рўй берган даҳшатли ЙТҲда олти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди (фото+видео)


Аввалги ҳодисаларда ижтимоий тармоқлар жунбушга келган эди. Мақолалар, муносабатлар, шеърлар, блогпостлар, ҳамдардлик мактублари ёзилган, ёрдам акциялари уюштирилган, айбдорлар, ҳодиса сабаблари ва оқибатлари, муаммо ечимлари илгари сурилган эди. Бироқ охирги вақтлар Қозоғистонда ўзбекистонликлар иштирокида бахтсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлмоқда, оммавий равишда музлаб қолиш, жароҳат олиш, ўлим ва ҳоказолар кузатилаяпти. Улар ҳақидаги хабарлар кўпайгани сари дийдамиз қотаяпти. Муносабат билдириш тугул ҳалок бўлганларнинг ҳаққига дуо қилишга ҳам ярамай қолаяпмиз, бундай ҳодисаларни эшитиб юракларимиз жиз этмаяпти. Аксинча, марҳумларни айблаш, қоралашга ўтаяпмиз.


Мавзуга доир:
Бу сафар Хоразмда мотам... Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинди


Айтиш мумкинки, бу каби бахтсиз ҳодисалар аввал ҳам тез-тез содир бўлган. Аммо уларга муносабат бошқача эди: ОАВ улар ҳақида ёзмас, ҳукумат ёрдам бермасди. Эплаган, имкони борлар жасадларни Ўзбекистонга олиб келар, эпламаганлар узоқдан жанозасини ўқиб, тақдирга тан бериб қўяқоларди. Улар ҳақидаги ахборот, жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар рўйхатининг эълон қилинишини шов-шув эвазига ўқувчилар сонини оширишга эмас, балки биринчи ўринда йўл ҳақи арзон экан деб узоқ ва хавфли сафарга чиқмоқчи бўлиб турган юртдошларимизни огоҳлантириш, яқинлари чет элга кетаётган ёки хорижда бўлганларни ортиқча ташвишга қўймаслик ёки зарур тайёргарлик кўришларини таъминлашга интилиш сифатида баҳолаш керак. Бу каби хабарлар дийдамизни қотириб, эътиборсиз, лоқайд қилиб қўймаслиги керак, аксинча, улардан керакли хулоса чиқаришимиз, ибрат олишимиз лозим. Зеро, бу каби бахтсиз ҳодисаларнинг ҳар бири энг аввало миллатнинг йўқотиши, йўл қўйилаётган хатоларнинг аччиқ мевасидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг