Депутат «манқуртлик тасмаси» ҳақида фикр билдирди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Георгий лентаси» ҳақида танқидий фикр билдирди ва уни «манқуртлик тасмаси», деб атади.
«Маърифатпарварларимиз тарбиянинг энг олий кўриниши туйғулар тарбияси, дейишади. Байроқ, белги, тасма, кўкрак нишони кабилар ҳам кишининг руҳий камол топишида бир қадар аҳамиятга эга.
Шу кунларда 9 май арафасида бошланган лента ва белгиларни тақиб юриш тарғиботи кампаниясини кузата туриб, Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновнинг суҳбати асосида дунёга келган «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» китобидаги бир мисол хотирамда қайта-қайта гавдаланяпти. Унда Мухтор Шохонов Мўғулистоннинг биринчи космонавти Жугдемедийн Гуррагчани Ўтрорда кутиб олишда рўй берган ҳолатни эслаб ўтади.
Дунёга машҳур Гуррагчани катта эътибор билан кутиб олган Ўтрор тумани раҳбарияти шоир Мухтор Шохоновга Ўтрорнинг «фахрий фуқароси» унвонини беришади. Мухтор Шохонов эса ўша пайтлари ер куррасини айланиб чиқиб, қайтиб тушган космонавтга қўнган жойининг «фахрий фуқароси» унвони берилади, деган анъанага суяниб, мўғулистонлик меҳмон Гуррагчага ҳам Ўтрорнинг «фахрий фуқароси» унвонини беришни таклиф қилади. Бироқ... халқ хотираси қадим замонларда рўй берган ваҳшийликларни ҳамон унутмаган эди. Мўғул қўшинига қаттиқ қаршилик кўрсатгани учун бутун бошли уруғ-аймоқларни қириб юбориш ниятида ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб, гўдакларни осмонга ирғитиб, найза тиғига санчган Чингизхон ва унинг аскарлари қилмиши шунча асрлар ўтсинки ўтрорлик авлодларнинг қалбида ўчмас доғ бўлиб сақланиб қолган экан. Хуллас, оқсоқоллар меҳмонга «фахрий фуқаро» унвони бера олмайдилар.
Чор Россиясининг ўз вақтида Марказий Осиё халқлари устидаги истилочилик ҳаракатларида бундай вахшийликлар янги кўринишда такрорланган: дини, эътиқоди, маданияти, тили, энг ёмони эса хотирасидан жудо қилиш мақсадидаги ҳаракатлар алал-оқибат истилочиларнинг ўз вақтида «қаҳрамон»лик даражасида эътироф этилишига сабаб бўлган. Масалан, ўша вақтда Чор Россиясидаги биргина рассомга расм чизишда илҳом бериш мақсадида турли кўринишларда эрмак учун ўлдирилган кўплаб юртдошларимизнинг хотираси ҳақида ўқиганимда ғалати аҳволга тушгандим.
Марказий Осиё халқлари бошига кулфат ёғдирган, мусибат келтирган ана шу «қаҳрамон»лар чор Россияси томонидан «Георгий тасмаси»га илинган орденлар билан мукофотланган. Масалан рус зобитлари ва генераллари учун махсус — «Қўқон хонлигини забт этгани учун», «Марказий Осиёга юриши учун», «Хива хонлигига юриши учун» каби медаллар «Георгий тасмаси» билан безатилган.
Бугун эса айримларимиз буни 9 май арафасида фашизм устидан қозонилган ғалабага боғлаб «қаҳрамонлик» ва хотира белгиси сифатида кўксимизга, автомобилимизга, уйларимизнинг пештоқига илиш билан оворамиз. Бу белги моҳиятида минглаб оталаримиз, оналаримиз, зиёли юртдошларимиз, ўйин-кулгу билан овора бола қиёфасидаги ўтмишдошларимизнинг ҳаётга тўймаган йиғи ва ноласи ётибди. Бу ҳаракатлар манқуртликдан бўлак иш эмас.
Туйғулар тарбиясида манқуртлик сари яна бир қадам илгарилаяпмиз. Офарин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter