Давлат бюджети лойиҳасига қандай ўзгартиришлар киритилди?
Ҳукумат томонидан тақдим этилган 2020 йил учун Давлат бюджети лойиҳасига депутатлар томонидан кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.
Асосий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:
- Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларини ҳам “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун билан тасдиқлаш ва парламент назоратини ўрнатиш, шунингдек қонун ижросини таъминлашга қаратилган Президент қарорини қабул қилиш; муаллиф: депутат Абдурашид Абдуқодиров.
- Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида бюджетдан қўшимча равишда 500 та докторантура ва шогирд-тадқиқотчиликка қабул квоталари ажратиш; муаллиф: депутат Абдурашид Абдуқодиров.
- Давлат олий таълим муассасалари молиявий аҳволини яхшилаш мақсадида ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш ва қонун ижросини таъминлашга қаратилган Президент қарорини қабул қилиш; Муаллиф: депутат Абдурашид Абдуқодиров.
- Умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 50,0 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш; муаллиф: депутат Абдурашид Абдуқодиров.
- 2020 йилда прогноз кўрсаткичларидан ортиқча маблағларни биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилашга йўналтириш; муаллиф: депутат Абдурашид Абдуқодиров.
- Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тушумларининг 50 фоизини маҳаллий бюджетларга ўтказиш ва бунда бюджет даромадлари базаси катта бўлганлиги сабабли фойда солиғининг 5 фоизини Тошкент шаҳрида, 10 фоизи Тошкент вилоятида қолдириш; муаллиф: депутат Комилжон Эрназаров.
- Аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш мақсадида маҳаллий бюджет даромадларининг прогнози 5 фоиздан ортиқ бажарилмаса, ҳаражатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш масаласида, туманлар эса вилоятга шу тартибда мурожаат киритиб ҳал этиш мумкинлиги белгиланди; муаллиф: депутат Феруза Эшматова.
- Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳаражатларини 3 фоизгача ошириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан, 3 фоиздан ортиқ миқдорларини парламент рухсати билан амалга ошириш тартиби киритилди; муаллиф: депутат Мақсуд Қурбонбоев.
- Олий Мажлис ҳузуридаги вакил-Омбудсманга кўзда тутилган маблағларни Қонунчилик палатасидан ажратган ҳолда алоҳида тасдиқлаш киритилди; Муаллиф: депутат Комилжон Эрназаров.
- Маҳаллий бюджетларнинг вақтинча бўш турган маблағларини Молия вазирлиги орқали тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш орқали қўшимча даромад олишга имконият яратиш киритилди; муаллиф: депутат Улуғбек Саматов.
- Шу кунга қадар республикада жами умумтаълим мактабларининг 31 фоизи оптик толали алоқаси билан таъминланган бўлиб, 2020 йилда буни 100 фоизга етказиш ва мактабларни тўлиқ сифатли интернет хизмати билан таъминлаш; муаллиф: депутат Расул Кушербаев.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар асосида Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter