Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чегарада яширин ер ости йўллари қазиган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Чегарада яширин ер ости йўллари қазиган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан жорий йилнинг 22 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги чет эл валюталарини ноқонуний равишда хорижга чиқариш билан шуғулланувчи трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, уларнинг навбатдаги 1 млн. 641 минг 106 АҚШ долларини Қирғизистон Республикасига ноқонуний чиқариш режаси фош этилган.

Тезкор тадбир давомида Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги З.М.Бобур МФЙда яшовчи, 1990 й.т. гуруҳ аъзосининг яшаш манзили кўздан кечирилганда, унинг ҳовлисида эни 1 кв м, чуқурлиги 12-12,5 метр ва узунлиги 150 метр бўлган, Қирғизистон Республикасига ноқонуний ўтиш учун махсус қазилган ер ости йўли борлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, мазкур туманнинг Бирлик МФЙда жойлашган, гуруҳ аъзоларидан яна бирига тегишли хонадон ҳовлисида эса эни 1 кв м, чуқурлиги 10-12 метр, узунлиги 400-420 метр атрофидаги иккинчи ер ости йўли борлиги аниқланган. Ушбу ер ости йўлига қўлбола пўлат изларда ҳаракатланувчи кичик ҳажмли, электродвигателли аравача ўрнатилган.

2 нафар Ўзбекистон Республикаси ва 6 нафар Қирғизистон Республикаси фуқароларидан иборат уюшган жиноий гуруҳга 1974 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган шахс етакчилик қилган.

Гуруҳ аъзолари ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушмаслик мақсадида, ўзаро мулоқотда шартли сўзлашув усулини қўллашган ва Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара-божхона постидан декларация тўлдирган ҳолда катта миқдордаги валюта қимматликларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кириб, сўнгра пулларни ер ости йўли орқали Қирғизистонга қайтариб, олиб чиқиб кетишган. Тўлдирилган декларациядан эса Тошкент ва Қўқон шаҳарларидан хорижий валюталарни ташишда йўлларда кузатиладиган эҳтимолий текширувларда фойдаланишган.

Ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида уларнинг ноқонуний фаолиятлари ашёвий далиллар асосида ўз исботини топди.

Жорий йилнинг 25 май куни жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг ҳукмига кўра, қонунбузарларга нисбатан 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги З.М.Бобур МФЙда яшовчи бошқа бир фуқаронинг уйида ҳам қўшни давлат ҳудудига олиб ўтувчи яширин ер ости йўли борлиги аниқланди.

У ҳам қирғизистонлик шахслар билан ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ажратиб турувчи «Шаҳрихонсой» канали остидан ўтувчи, чуқурлиги тахминан 16 метр, узунлиги 70 метр бўлган ер ости йўли қазиб, уни махсус электр ёритгич тизими ва кислород билан таъминловчи ускуналар билан жиҳозлаган.

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу учта ер ости йўллари орқали катта миқдордаги чет эл валюталари Ўзбекистондан қўшни давлатга олиб чиқилиб, турли хил товар-моддий бойликлар мамлакатимизга олиб кирилган.

Таъкидлаш лозимки, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари доирасида жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари номига, аниқланган учта ер ости йўлларининг Қирғизистон томонида жойлашган манзиллари ва уларнинг ташкилотчилари тўғрисида тегишли маълумотлар юборилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.

Кейинчалик, жорий йилнинг май-июнь ойларида қўшни давлат вакиллари томонидан ўз ҳудудларида ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида, ушбу яширин ер ости йўллари фаолиятига чек қўйилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг