Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бюджет амакиваччасининг чўнтагими?» – блогерлар Тошкентда канатли такси қуриш лойиҳасига эътироз билдирди

«Бюджет амакиваччасининг чўнтагими?» – блогерлар Тошкентда канатли такси қуриш лойиҳасига эътироз билдирди

Тошкент ҳокимлиги тарқатган суратдан дор йўли Махтумқули кўчасидан ҳам ўтишини англаш мумкин.

Хитой компанияси билан ҳамкорликда Тошкентда дор йўли транспорти йўлга қўйилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

23 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков бошчилигидаги делегация Хитойнинг Шенчжен шаҳрида «Beijing North Bartholet Ropeway Technology» компанияси вакиллари билан учрашган. Музокара якунида мазкур компания ва «Тошкент инвест компанияси» АЖ ўртасида инвестиция шартномаси имзоланган.

Лойиҳа Ўзбекистон пойтахтида канатли транспорт қатновини йўлга қўйишни назарда тутади. Пойтахт ҳокимлиги лойиҳа жамоатчиликка олдиндан тақдим этилиши ва бу борадаги таклифлар Хитой компанияси офисига юборилишини маълум қилган.

Ўзбекистонлик блогерлар ушбу лойиҳага эътироз билдирмоқда.

«Расмда Махтумқули кўчаси. Чамаси, Янги Ўзбекистон боғигача қуришмоқчи. У ергача бўлган масофа тахминан 10 км.  Бундай транспортнинг тезлиги ўртача 10-15 км соатига. 1-1,5 соатда борасиз Янги Ўзбекистонгача. Автобусда борсангиз, 20 дақиқада борадиган жой. «Зато» машиналарнинг тутунини ҳидла-аб кетасиз, ҳар бир кабинкада 10 кишидан бўлиб. Мазза... Дори-порисини ичиринглар бунақа лойиҳаларни ўйлаб топганларга. Амакиваччасининг чўнтагимиди бюджет?» – деб ёзди Troll.uz канали муаллифи Умид Ғафуров.

Телеграмдаги «Platforma» канали дор йўллари одатда тоғларда қурилишига эътибор қаратган.

«Канатли йўллар одатда боғларда, тоғларда бўларди. Очиғи, олдин бунақасини эшитмаганмиз. Бу бизнинг иқлим шароитимизга қанчалик мос келади? Айниқса, иссиқда кабинкада юришни тасаввур қилиб кўринг. Канатли транспорт ўрнига осма метролар қуриш яхши эмасми? Замонавий, Хитойда ҳам ривожланяпти бу соҳа...» – деб ёзди мазкур канал.

Иқтисодчи Отабек Бакиров лойиҳанинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратган.

«Ўзбек амалдорлари тўлови солиқ тўловчилар гарданига тушадиган, бюджет ва давлат ресурсларини ўзлаштириш учун қанақа лойиҳаларни ўйлаб топишмайди. Лойиҳа ясаб пул ўзлаштиришда уларнинг фантазиялари умуман чекланмаган. Тошкентда тобора оғирлашиб бораётган инфратузилма, транспорт, логистика муаммоларининг ечимлари учун қатор рационал таклифлар бир четда қолиб, канат йўлини қуриш бўйича лойиҳа ҳам шу жумладан. Эндиги вазифа канат йўли қуриб маблағ ўзлаштиришни бошлаб олиш. Қайта-қайта ваъда қилинган трамвай кутиб туради», – деб ёзди иқтисодчи.

«Бу лойиҳа неча пулга тушади, билмадим-у, лекин шунинг пулига ҳам яна автобус сотиб олган ёки Тошкентдаги жамоат транспорти учун ажратилган бўлакларни яхшироқ ишлайдиган, автобусларни тезроқ қатнайдиган қилган яхшироқ бўлса керак», – деб ҳисоблайди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

«Ўзи очдан ўляпмиз-ку, кийикка бало борми» дегандек, пойтахтда ердаги транспорт тартибга келмай, осма транспортга «ҳаракат» бўларканми?!» – деб ёзди бошқа бир журналист Муслим Мирзажонов.

Пойтахт жамоат транспорти ҳақида материаллар ёзиб келаётган журналист ва блогер Никита Макаренко ҳам жамоат транспортини ривожлантириш ўрнига дор йўли лойиҳасига эътибор қаратилганини танқид қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг