Бухорода шамолдан етган талафотлар бўйича Бош прокуратура текширув бошлади

Кеча тунда Бухорода (соат 20:00 дан 22:30 гача бўлган вақт оралиғида) шамол 25 м/сек. тезликда бўлгани аниқланган. Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, табиий офат оқибатида вилоят бўйича 5 293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42 400 та дарахт талафот кўрган, 295 та табиий газ ва электр таъминотида авариялар содир бўлган, 31 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган.
Бундан ташқари, Қоракўл ва Олот тумани билан алоқа узилиб қолганлиги сабабли тегишли хизматлардан иборат гуруҳ шакллантирилиб, ҳодиса жойини ўрганиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун юборилган.
Кечаги табиий офат жараёнида Бухоро шаҳрида яшовчи 42 ёшли Ў.А. уйига келаётган вақтида узилиб тушган электр симига эҳтиётсизлик билан урилиши оқибатида ҳалок бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter