Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода бир оиланинг уйи таг-туги билан ёниб кетди

Бухорода бир оиланинг уйи таг-туги билан ёниб кетди

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Ромитан туманидаги хонадонлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида уй эгалари бошпанасиз қолган.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 24 май куни соат 15:30да Ромитан туман, «Боғисаидон» МФЙ, Вағана қишлоғида яшовчи фуқаро Саъдулло Ражабовнинг яшаш уйида ёнғин содир бўлган.

Тунги соат 02:30 ларда содир бўлган ёнғин ҳақида Ромитан туман фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар келиб тушган.

«Хабар юзасидан 3 та ёнғин қутқарув автоэкипажлари жалб  этилди. Автоэкипажлар ҳолат жойига соат 15:52 ларда етиб боришди. Хабар ўз вақтидан кеч етказилгани боис, экипаж етиб боргунга қадар ҳовли-жой ёниб кетган. 17:15 да батамом ўчирилди»,—деди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Миржон Файзуллаев.

Маълум бўлишича, хонадоннинг 85 кв.метр яшаш қисмлари ичидаги жиҳозлари билан ёниб кетган. Ёнғин қутқарувчилари томонидан 120 кв.м ер ва дарвозахона майдони сақлаб қолинган.

«Хонадон соҳиби жуда узоқ йиллардан бери Россияга қатнаб ишлаб келаётганди. Бухоро шаҳар марказида яшаш уйи бор. Аммо қишлоқда ҳам янги уй-жой тиклашни орзу-ният қилганди. Бир кеча шунча йиллик меҳнати кўкка соврилди»,— дейди маҳалла раиси Эркин Ҳамроев.

Эркин Ҳамроевнинг айтишича, 15 йилдан кўп вақт давомида Россияда ишлаб, бу қишлоқнинг тўй-маъракаларида қатнашмагани, одамлардан йироқ бўлгани учун ёнғиндан талофат кўрган Ражабовлар оиласига кўмак бериш ҳақида ҳудуд аҳолисини бирлаштирган маҳалла телеграм канали аъзоларидан маслаҳат сўраган.

Аҳоли эътироз билдирмаган ва бошпанасиз қолган оилага кўмакка тайёрлигини айтган.

Ўринли савол туғилади: хорижда умрбўйи ишлаб, оиласини мусофирчилик эвазига боқиб, уй-жой кўтарган ва ўзининг эътиборсизлиги оқибатида 2 нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан бошпанасиз қолган оилага тўғридан-тўғри кўмак бериш ҳақида ўйлаб қолишнинг ўзи ачинарли ҳолатмасмикин?!

«Боғисаидонликлар оқибатли ва фидоий одамлардир. Унинг Россия давлатида умрбўйи ишлагани, бу ўз давлатига кўмаги тегмади, дегани эмас. Биз шай ва кўмакка тайёрмиз»,— деди қишлоқ фуқароси Темур Бозоров.

Маҳалла раиси эса бошпанасиз қолган фуқаро моддий кўмакка эҳтиёжманд эмаслигини, шунга қарамай, қишлоқ аҳолисини беминнат ҳашарга жалб этиш чораларини кўришлигини билдирган.

Турар жой уйлари жиҳозлари билан тўлиқ ёниб кетган уй эгаси ўзига ва оиласига, шунингдек, ҳовли-жойига тегишли барча ҳужжатлар ҳам куйиб кетганини билдирган.

Маълум бўлишича, ёнғин ошхонадаги газ баллонининг эътиборсизликда ёқиб қолдирилгани туфайли ўт сачраши оқибатида алангага айланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг