Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода 36 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди

Бухорода 36 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи томонидан 2022 йил 12 ойи мобайнида вилоятда ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу борада амалга оширилган ишлар таҳлили юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди. Бошқарма бошлиғи ўтган йил давомида ўз ишига лоқайд бўлган 36 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилганини билдирди, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.

Билдирилишича, 2022 йил давомида вилоятда 5 175  та жиноятлар қайд этилган.

«2021 йилга нисбатан жиноятлар сони 92 тага, яъни 1,8 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар (3 415  та) эса 200  тага ёки 5,5 фоизга камайган. Эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, вилоят ҳудудини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Жумладан, оғир тан жароҳати етказиш 6 тага, номусга тегиш 3 тага, товламачилик жинояти 4 тага, босқинчилик 4 тага, безорилик жинояти 20 тага, автотранспорт воситасини олиб қочиш ҳолати  9 тага кўпайди. Ўрганувларга кўра, жиноятлар салмоғи ошган ҳудудларда соҳа ходимларининг ўз ишига бефарқ ва масъулият билан ёндошмагани оқибатида юзага келган», — деди вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиев.

Маълумотга кўра, 2022 йил давомида вилоят ички ишлар органлари ходимларининг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, жами 216 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 38 таси ўз тасдиғини топиб, ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилган. 8 нафарига «Ҳайфсан», 20 нафарига «Танбеҳ», 1 нафарига лавозим маошидан ушлаб қолиш интизомий жазолари қўлланилиб, 9 нафар ходимлар интизомий кенгашларда муҳокама қилинган.

«Бундан ташқари, 214 нафар ходимга нисбатан турли кўринишдаги интизомий таъсир чоралари қўлланилди. 105 нафар ходимга «Танбеҳ»,  57 нафарига «Ҳайфсан», 29 нафарига «Қаттиқ ҳайфсан», 6 нафар ходимга ойлик маошидан сақлаш, 2 нафар ходимга махсус унвонини бир поғона пасайтириш, 2 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш интизомий жазоси қўлланилди. 3 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Салбий ҳолатларга кўра 36  нафар ходимлар ички ишлар органлари сафидан бўшатилди»,— деди Шуҳрат Алиев.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси таркибий тузилмаларида 17 тага, Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда Тергов хизмати таркибий тузилмаларида  Хизмат интизомини бузиш ҳолатлари 10 тага  ошган. Жами 90 нафар ходим эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

«Вилоятнинг қатор ҳудудларида 8 мингдан ортиқ аҳоли билан ишлайдиган профилактика инспекторларимиз бор. Уларнинг жисмонан улгурмаслигини инобатга олиб, шундай ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан яна биттадан профилактика инспекторлари штатини ташкил қилиш чораларини кўряпмиз. Республика Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланса, 8 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудудларда икки нафардан профилактика инспекторлари хизмат кўрсатишади»,—деди бошқарма бошлиғи.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг