Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро шаҳар прокурори: «Менга ҳеч қандай тазйиқ ёки босим бўлаётгани йўқ...»

Бухоро шаҳар прокурори: «Менга ҳеч қандай тазйиқ ёки босим бўлаётгани йўқ...»

Скриншот

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат қилиб, Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев ҳамда Бош прокуратуранинг айрим амалдорларига нисбатан бир нечта айбловларни илгари сургани ҳақидаги чиқишлари кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлганди. Кейинчалик ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган чоғда қонундан яшириниб юргани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бу «сайъ-ҳаракат»лар ўзига нисбатан уйдирма ва шунчаки уюштирилаётгани, қонундан яширинмаганини билдирган эди.

«Тўғри, мен ўзимга нисбатан хизмат текшируви ўтказаётганларнинг чақирувидан бош тортаётганимни тан оламан ва хизмат текширувлари одилона, холисона ўтказилишини сўраганман, холос!»-деган эди у.

Жорий йилнинг 2 декабрь куни хизмат текшируви ўтказилиши сабаби билан вақтинча хизмат вазифасидан бўшатилган Жасур Фозилов Республика идоралараро комиссияси ўрганувлари натижасига кўра, 20 декабрь якшанба кунидан бошлаб эмас, балки 21 декабрдан яна фаолиятини давом эттиришга киришгани ҳақида тўхталган эди.

24 декабрь куни эса ижтимоий тармоқларда «маълумот ҳали расман тасдиқланмаган» дея Бухоро шаҳар прокурорининг ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзгани ҳақидаги хабар кўпчиликни «бу кутилган ҳолат» деган хулосага келтирди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида телефон орқали Бухоро шаҳар прокурори ўринбосари билан боғландик. Ўринбосар Жасур Фозилов айни пайтда фуқаролар қабули билан шуғулланиб, унинг ўз иш жойида эканлигини маълум қилди.

- 24 декабрь куни мен ўз иш столимда ўтириб, одатдагидек фаолиятимни давом эттираётган пайтимда «Buxara news» орқали ўз ихтиёрим билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза «ёзган»им ҳақидаги хабарни ўқидим. «Buxara news»нинг бу билан бирмас, бир неча марта асосланмаган ва тасдиқланмаган хабарларга таянаётгани мени ҳайратлантирмоқда, холос. Менга ва иш фаолиятимга нисбатан нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ёки босим ҳам бўлмаяпти. Мен ўз иш жойимдаман, фаолиятимни давом эттираяпман. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига бундай хабарлар мутлақо нотўғри эканлигини билдираман,-деди Бухоро шаҳар прокурори кўп ўтмай, биз билан телефон орқали суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Фозилов ишдан кетгани ҳақидаги хабарни Бош прокуратура ҳам рад этганди. 

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг