Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро ҳокими халқаро олимпиада чемпионига уй қуриб беришга ваъда берди

Бухоро ҳокими халқаро олимпиада чемпионига уй қуриб беришга ваъда берди

Фото: facebook.com/barnoevofficial

Оммавий ахборот воситаларида халқаро олимпиадалар ғолиби, Қоракўл туманидаги 52-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов, оилавий қийинчилик туфайли вақтини тўлиқ илм олишга сарфлай олмаётгани, бўш вақтларида ва ёзги таътилда у нон цехларида ишлаб оиласига ёрдам қилиб келаётгани ҳақида мақолалар чоп этилди.

Дониёр Исмоилов математика бўйича халқаро олимпиадаларнинг кўп карра қатнашчиси. Болгария, Ҳиндистонда ўтган математика бўйича энг нуфузли халқаро танловларнинг ғолибига айланган. 3 карра олтин, 2 бора кумуш медаль соҳиби ҳисобланади.

ОАВда тарқалган хабарларга Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев муносабат билдириб, ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида пост қолдирди:

«Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги «Қораун» қишлоғида яшовчи, математика фани бўйича халқаро олимпиадалар ғолиби Дониёр Исмоилов ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мақолалар шов-шувга айлангани бор гап.

Айниқса, ЎзА ахборот агентлиги томонидан бугун эълон қилинган «Чангги чиққан кўчаларда қолаётган донғи чиққан математик чемпион» сарлавҳаси остидаги хабар Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлари раҳбарларининг эътиборини ўзига жалб этмай қўймади.

Шу куни Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев Дониёр Исмоилов ҳамда унинг онаси Лобар Раҳимова билан учрашди. Жорий йилнинг 31 декабрига қадар вилоят ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриб берилиши, вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ноутбук, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан шахсий кутубхона яратиб берилиши белгиланди», дейилади вилоят ҳокимининг постида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг