Кўприк қачон битади? «Бунёдкор» стадиони олдида қурилиш ишлари қандай кетяпти?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига кўра, пойтахтнинг Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида умумий узунлиги 667,5 метр бўлган замонавий йўл ўтказгични қуриш ишлари бошлаб юборилган эди.
Магистралда жами 9 та йўл ўтказгич мавжуд бўлиб, май ойида уларнинг сони яна биттага кўпаяди. «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган режага кўра, бунёд этилаётган иншоот 6 та йўлакдан иборат. Замонавий йўл ўтказгич эстакада қисмининг узунлиги 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8, кенглиги эса 24,5 метрни ташкил этади.
Йирик иншоот жами 23 та устун оралиғида барпо этилади. Эътиборлиси, бу ерда пиёдалар учун ҳам қатор қулайликлар яратилади. Хусусан, умумий узунлиги 124 метр бўлган иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилади. Янги бунёд этилаётган йўл ўтказгичнинг ёритиш тизими ҳам жаҳон андозаларига мос равишда барпо этилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Ҳозирги кунда 10 та таянч устунининг пойдевор ишлари тугатилди. Айни пайтда устки каркас ўрнатиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 2 625 куб метр тупроқ, 12 070 куб метр бетон ишлари бажарилди. Бунёдкорлик жараёнига 30 дан ортиқ техника, 250 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи жалб этилган. Мазкур йўл ўтказгични белгиланган муддатида, замон талаблари даражасида қуриб, фойдаланишга топшириш мақсадида тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб тасдиқланган қурилиш материаллари захиралари яратилмоқда.
Шунингдек, қурилиш техникалари ва автотранспорт воситаларини сақлаш ва таъмирлаш учун базалар ҳамда штаб ташкил этилган. Кўприкни бунёд этишда фойдаланилаётган темирбетон конструкциялари трестга қарашли ишлаб чиқариш майдонларида тайёрланмоқда. Йўл ўтказгич устунларини жойлаштиришга мўлжалланган мослама ва бир қанча керакли материаллар «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамият тасарруфидаги саноат корхоналарида ишлаб чиқариляпти. Бу эса қурилиш объекти таннархининг бирмунча арзон бўлишига, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишга имкон беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter