Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими лавозимига тайинланди

Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими лавозимига тайинланди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога қилган ташрифи доирасида вилоят фаоллари йиғилишида иштирок этмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар берди.

Мажлисда вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари қатнашяпти.

Давлат раҳбари йиғилиш давомида вилоят ҳокими лавозимига Ботир Зариповнинг номзодини тавсия қилди.

— Сиз билан ҳар доим очиқ гаплашганман. Мана ҳозир Зарипов Ботир Комиловични ҳоким сифатида тавсия қилмоқдаман. Бу ерда депутатлар ўтирибди, агар уларда эътироз бўлса, «бизга Зарипов керак эмас, ўрнига бошқа номзодимиз бор», деса, бемалол кўрсатишлари мумкин. Мен кўриб чиқишга тайёрман.

Зарипов шу ерда, Бухорода катта бўлган. Шу ернинг чангини ютиб, шўр сувини ичиб улғайган. Унга жуда қийин бўлади, буни ўзи ҳам тан олиб турибди. Бухорода қилинадиган ишлар жуда кўп ва сиз — депутатлар, маҳалла, ҳокимлик ва бошқа мутасаддилар кўмагида бу ишларни амалга оширамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш давомида вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзолари ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқди. Йиғилиш якунида Ботир Зарипов номзоди Бухоро вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Ботир Зарипов охирги икки ой давомида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Бунга қадар эса «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг