Боснияда россияпараст сиёсатчи қамоқ жазосига ҳукм этилди

Босния серблари етакчиси ва россияпараст сиёсатчи Милорад Додик бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Босния ва Герцеговина суди Босния серблари етакчиси Милорад Додикни бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди ва олти йилга сиёсат билан шуғулланишни ман қилди. Бироқ Додик бу қарорни тан олмади ва ўзини Серб Республикасининг қонуний раҳбари деб ҳисоблашда давом этмоқда.
Додик Конституциявий суд ва халқаро ҳамжамиятнинг Босния ва Герцеговинадаги Дайтон тинчлик келишувларининг бажарилишини кузатувчи олий вакили Кристиан Шмидт қарорларини бажармаганликда айбдор деб топилди.
Додик устидан суд жараёни бир йил давом этди. Босния серблари раҳбари апелляция бериш ҳуқуқига эга. Милорад Додикнинг ўзи ҳукм ўқилиши пайтида суд залида бўлмаган, Баня-Лука шаҳрида, Серб Республикаси парламенти биносида бўлган. Додик тарафдорлари парламент биноси олдида тўпланишган.
Додик Босния ва Герцеговинанинг маъмурий қисми бўлган Серб Республикасини бошқаради. Ҳудуд раҳбарияти Босния ва Герцеговинадан мустақиллик тарафдори ва Москва томонидан қўллаб-қувватланади.
Аввалроқ АҚШ ва Буюк Британия Босния ва Герцеговинанинг барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётган Милорад Додикга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter