Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокурор сайловлардаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маълумот берди

Бош прокурор сайловлардаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маълумот берди

Фото: Халқаро матбуот маркази

Бугун, 23 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев сайловлар жараёнида кузатилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон прокуратура органларига сайлови куни — 22 декабрда фуқароларимиз, хусусан сайловчилар ҳамда номзодлардан жами  44та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар Андижон, Жиззах, Навоий, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан, Наманган вилоятида 2 та, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида 4 тадан, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида 5 тадан, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида 9 тадан тўғри келади.

Мурожаатларнинг 1 тасида парламент Қонунчилик палатаси, 43 тасида маҳаллий Кенгашларга ўтказилаётган сайловларга  боғлиқ  масалалар баён этилган.

Шикоятларнинг 16 таси ёки 36 фоизи сайлов кампанияси давомида фуқароларга сайловга таклифномалар ва овоз бериш учун бюллетенлар берилмагани билан боғлиқ. Бундай мурожаатлар тезкор ўрганиб чиқилган.

ЎзЛиДеП аъзоси Бобур Ҳолматовнинг мурожаатини текшириш давомида Учтепа тумани ҳокимлигининг ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари Шерзод Нигматов Экология партияси ички ишлари ва сайлов жараёнига ноқонуний аралашганлиги аниқланган.

Шерзод Нигматов ва партиянинг туман Кенгаши раиси Маҳкамов ЎзЛиДеП аъзоси Бобур Ҳолматов, «Адолат» партияси аъзоси Ҳулкар Юнусова ҳамда 2017 йилдан бери АҚШда яшаб келаётган фуқаро Санобар Азимованинг номзодларини уларнинг розилигисиз ва хабарисиз Экология партиясидан халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатиб, сайлов ҳужжатларига сохта маълумотлар киритган.

Яна бир ҳолат: 22 декабрь куни соат 22:00 ларда «Telegram»да Сергели туманидаги 17-сонли участка сайлов комиссиясида тўққиз дона сайлов бюллетени бир киши томонидан имзоланиб, сохталаштирилганлиги ҳақида видео тарқалди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, ўрганиш жараёнида тумандаги 426-сонли сайлов участкасида овозларни саноқдан ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилари қўйилмай, жараён алоҳида хонада амалга оширилганлиги ойдинлашди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан 23 декабрь куни Жиноят кодексининг 146-моддаси (сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) ва 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатларига киришилди.

«Фурсатдан фойдаланиб, қонунбузилиши ҳолатларининг  олдини олиш, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш, шу билан бирга, сайловларни такомиллаштириш бўйича соғлом, холис ва прагматик фикр-мулоҳазаларни билдирган фуқароларимиз, журналистлар ва блогерларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз», дея алоҳида таъкидлади Бош прокурор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг