Болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун лойиҳаси муҳокамада
Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун лойиҳасини тайёрламоқда, деб ёзмоқда ҳуқуқшунос блогер Баҳодир Аҳмедов.
Адлия вазирлиги вакиллари бир неча маълумотлар келтириб ўтди, дейилади хабарда. Унга кўра ҳар йили дунё бўйлаб 1 млрд.дан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Яқинда ўтказилган Мултииндикатор кластер кузатуви (МICS) шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар уч боладан иккитаси (62%) қаттиқ интизомий усулларга (жисмоний жазо ва/ёки психологик тажовуз) дучор бўлган ва 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр томонидан хотиннинг калтакланишини оқлайди.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойида 166 нафар болалар ўз қариндошлари томонидан зўравонликка учраган.
Йиғилишда айтилишича, Ўзбекистонда 2023 йилнинг атиги 9 ойи давомида вояга етмаганларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Улардан 417 таси жинсий зўравонлик ҳолатларидир.
«Афсуски, оилада ёки таълим ва бошқа муассасаларда болаларга нисбатан зўравонлик фактларини била туриб, одамлар кўп ҳолларда боланинг тақдирига бефарқ бўлишади», – деди Шаҳноза Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан чора-тадбирларни кескин кучайтириш зарур.
Бундан ташқари фактларни яшириш ёки зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларга жавоб бермаслик ҳолатларида мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш кераклиги айтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter