Андижонда боғча мудираси, бош ошпази, омбор мудири ишдан бўшатилди (видео)
2018 йилнинг 2 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган «Боғчада тушлик кечикди — болалар оч ухлаб қолди» мавзусидаги видеоматериал кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди.
Маълум бўлишича, воқеа Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги 1-мактабгача таълим муассасасининг ошхонасида содир бўлган. Уни боғча тарбиячиси тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштирган.
Мактабгача таълим вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Тўрабек Тўраевнинг маълум қилишича, ушбу ҳолатни холис ва адолатли ўрганиш мақсадида вазирлик томонидан тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, суриштирув ўтказилган. Тезкор суриштирув давомида ҳақиқатан ҳам, мазкур боғчага 2 апрель куни гўшт маҳсулоти белгиланган вақтдан кеч олиб келингани сабабли, тушлик ўз вақтида тайёрланмагани ва тарқатилмагани аниқланди.
Мактабгача таълим вазирлигининг Шу боис, ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани ва боғча ошхонасидаги санитария-гигиеник ҳолатларга бефарқлиги учун 1-МТМ омбор мудири Алишер Аҳмедов, бош ошпаз Улуғбек Жалилов ҳамда ошпаз Абдужалил Султонов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шунингдек, ишда жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун муассаса мудираси С.Абдуллаева эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Мактабгача таълим вазирлиги ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракат юзасидан ўз муносабатини билдириб, масъулиятсиз ходимларга кескин чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter