Бобомурод Абдуллаев ишида қатнашган прокурор ўз ихтиёри билан ишдан бўшаган (видео)
Оммавий ахборот воситаларида журналист Бобомурод Абдуллаев ишида қораловчи прокурор сифатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Қобилов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратурасида бўлиб ўтган брифингда иштирок этган «Kun.uz» мухбири Зафарбек Солижонов Бош прокуратура расмийларидан ушбу хабарларга изоҳ бериб ўтишни сўради.
Эркин Йўлдошев, Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари:
— Журналист Абдуллаевга нисбатан тергов ҳаракатларини олиб борган терговчи ишдан олинибди, деган мазмунда гапирдингиз, аслида унақа эмас. Агар тушунаётган бўлсам, шу жиноят иши бўйича давлат айбловини қувватлаган Қобилов Баҳром ҳақида гап кетаяпти. Бу ходимимиз прокуратура идораларидан ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақидаги ариза асосида кетган. Унга нисбатан бирор бир тергов ҳаракатлари ёки биронта суриштирув ҳаракатлари ўтказилаётгани йўқ.
Икромжон Исканов, Бош прокуратуранинг жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи:
— Баҳром Қобилов Бобомурод Абдуллаев ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича судда фақат давлат айбловини қўллаган, холос. Сиз тергов ҳаракатларини олиб борган деб айтиб ўтдингиз, у тергов ҳаракатларини олиб бормаган. Тергов ҳаракатлари Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган. Терговда йўл қўйилган камчиликлар бор. У камчиликларга давлат айбловчисининг алоқаси йўқ. Шунинг учун суд томонидан ана шу камчиликларга йўл қўйган тергов органи устидан хусусий ажрим чиқарилган. Хусусий ажрим бўйича ҳозир Давлат хавфсизлик хизмати томонидан текшириш ўтказилаяпти.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаев иши бўйича суд мажлиси якунланган, айбланувчилар суд мажлисидан озодликка чиқарилган, Бобомурод Абдуллаевга ахлоқ тузатиш ишлари белгиланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter