Блогер: Тошкент бойлари оғир кунларда аҳолига нега кўмак кўрсатмаяпти?!
Журналист ва блогер Никита Макаренко аномал совуқ сабабли Тошкент аҳолиси мушкул вазиятда қолган бир пайтда пойтахт бойлари саховат ва ҳиммат кўрсатмаётганидан ёзғирди.
«Ҳозирча шаҳар аҳлини мушкулотдан қутқаришга куч ишлатар тизим вакиллари кўмак бераётганига гувоҳ бўлмоқдаман. Ҳолбуки, Тошкентда шаҳар ерларини ўғирлаш ва ўз гиперлойиҳаларини совет коммуникация тизимига улаб олиш ортидан чўнтак қаппайтирган бизнесменларнинг бутун бошли гуруҳи мавжуд», – деб ёзди у.
Макаренкога кўра, тилла аралаштирилган сув ичган, «кўланкам майдон» қабилида кўчаларни ёпиб, одамларни мажбуран кўчирган, маданий меросни ғорат этган, қисқаси, ишнинг пачавасини чиқарган бойлар талайгина.
«Қани улар? Нега яшириниб олишди? Шаҳар аҳлига ёрдам қўлини чўзишмайдими? Ёки аллақачон турли (хорижий) авиарейсларга рўйхатдан ўтишганми?» – дея савол қўяди рус тилида блог юритувчи ижодкор.
Аввалроқ Никита Макаренко пойтахт собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бир неча йиллик арбоблик фаолиятини танқид қилган, уни «замонавий Тошкентнинг энг ёмон раҳбари» деб атаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter