Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

«Битиб кетган» ҳоким ўринбосари, «Жумонг»даги бош вазир ва шўрпешона халқ

«Битиб кетган» ҳоким ўринбосари, «Жумонг»даги бош вазир ва шўрпешона халқ

Бугун Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев коррупцияга оид қизиқ муждалар берди.

Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ҳақида.

Қисқа қилиб рақамларни келтираман: Раҳмонқулов шериклари билан 20 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилган (ҳали терговда аниқлангани бу). Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланган.

Бу хабарга қолдирилган изоҳлардан бири эса кўнгилни янада эзади:

«Бу ҳали аниқлангани экан. Билмаймизки, атрофимизда нималар бўляпти, ким қанча емоқда, ўзлаштирмоқда... Бундан ҳам улканроқ рақамлар келиб чиқиши аниқ»,— дея ёзади алам билан интернет фойдаланувчиси.

Балки, шу сатрлар ёзилаётганда ҳам қайсидир «каттакон» ўз билганича «пул юваётган», ғойибдан келаётган пулларни «ваколати доираси»да ишлатиб ётгандир ...

Жанубий Корея тарихий сериали «Жумонг»ни болаликда севиб томоша қилганмиз. Бола бўлганмиз, хаёлимиз уруш-жанглар, ялтироқ совутларда бўлган. Катта бўлгач, тафаккур қилгач, сериалдан яна бошқа жиҳатларни ҳам кўра бошладим.

Сериалдаги асосий фигуралардан бири — тарихий Буео (айрим манбаларда Пуё) давлатининг бош вазири Бу Дейик Булдир. Уч авлод ҳукмдорларига таъсир ўтказа олган, керак бўлса, қиролни ағдариш даражасида қудратли бўлган бош вазир аслида жуда мискин яшаши, оиласига ҳам камтарона емак бериши маълум бўлади. Кинода вазир салбий тасвирланган, у бош қаҳрамонга тинимсиз қаршилик кўрсатади, ҳатто жонига бир неча бор қасд қилади.

Аммо уни бу ишларга ундаган омил она ватанининг яшаб қолиши, унинг тарих саҳросига сингиб кетмаслиги эди.

Бизда эса... Раҳмонқулов иши, «Абдураҳмонов ёнида туриб билмаган» мутасаддининг 128 минг доллар олиши, «Сардоба иши» бўйича ёпиқ қолиб кетган саволлар, яқин ўтмишда 400 минг доллар билан ушланган ҳоким ва бошқа катта-кичик воқеалар инсонни чуқур ўйга толдиради. Ахборот сайтлари эса «талон-торож қилгани аниқланди», «фалон миллиард сўм ўзлаштириб юборилди» сарлавҳали хабарларни тез-тез бериб туради. Улар шунчалар кўпки, интиҳоси ва жазосини суриштиришни ҳатто унутиб ҳам қўямиз.

Балки, бизнинг аксар амалдорларда ўша тарихий давлат вазиридай ватанпарварлик етишмас. Балки ҳаммаси ўша даврларда пулни ноқонуний ўзлаштириш, чет эл банкларида ҳисоб рақамлар очиш, боласини хорижда ўқитиш ва маишат қилиш учун имкон бўлмаганлигидандир...

Хуллас, йўлимиз иккита: биринчиси коррупция, ўғрилик ва жамики сарқитлардан қутилиб ривожланиш. Иккинчиси эса... тўғриси бу ҳақда ўйлашгаям қўрқаман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг