Бир кунда масала ҳал: шалоғи чиққан «Тез ёрдам» машинаси янгисига алмаштирилди
Журналист ва адабиётшунос, айни пайтда киндик қони тўкилган қишлоқда деҳқончилик билан астойдил шуғулланаётган Раҳимжон Раҳмат куни кеча ижтимоий тармоқда оғриқли муаммони кўтарганди.
Яъни муаллиф Фарғона вилояти, Данғара тумани, Қирқлар қишлоғидаги «Тез тиббий ёрдам» пунктининг аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатадиган машинасининг абгор аҳволдаги суратини жойлаб, ҳозирги пандемия шароитида сув ва ҳаводек зарур бўлган махсус автоулов устахонада вайрон бўлиб ётиши, жуда юмшоқ айтганда, маъқул иш эмаслигини таъкидлайди. Айтишича, машина анча эскирган, деярли ҳамма қисмлари янгисига алмаштирилган, янгилари ҳам эскириб чириган, яроқсиз ҳолга келган.
«Бизда «Дамас» анқонинг уруғи эмас, сойнинг тошидан ҳам кўп-ку, ўзимизда ишлаб чиқарилади-ку! Наҳотки қишлоғимиздаги «Тез тиббий ёрдам» пунктининг мошинасини янгилашнинг иложи йўқ бўлса?!» дея масалани кўндаланг қўяди.
«Тилга олганим «Тез тиббий ёрдам» пункти уйимнинг ёнида. Хизматдан чарчаган, деярли яроқсиз ҳолга келган, беш юз метр юриб ўчиб қоладиган бу мошинани сон минг марта кўрганман, ҳатто бир неча бор моторини ўт олдириш учун орқасидан итарганман.
Қишлоқдошларим, маҳалладошларим: «Журналист бўлиб ишлагансан. Қўлингда қаламинг бор. Бизнинг номимиздан ССВ раҳбарларига илтимос қилиб кўр, «скориймиз»нинг мошинасини янгилаб берсин», деди.
Элу халқнинг илтимосини инобатга олиб шу ёзувларни ёздим. Рост-да, ўзингиз ўйлаб кўринг, аҳолининг тез тиббий ёрдамга эҳтиёжи ҳар қачонгидан ошган бир паллада «Тез ёрдам» мошинасини вайрон бўлиб ётиши яхши ишми?» деб ёзади Раҳимжон Раҳмат.
Муаллиф билан боғланиб, тармоқда ёзганларини сайтимизга жойлаётгандик. Айни шу паллада Р. Раҳматдан навбатдаги хабар тарқалди:
«Хушхабар. Қишлоғимиздаги «Тез ёрдам пункти»га янги мошина беришди. Хайрли бўлсин. Майли, иш кўп. Кейин гаплашамиз».
Бўларкан-ку?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter