Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир кило гўшт — 28 минг сўм. Хоразмдаги янги йил савдо ярмаркалари давом этмоқда (фото)

Бир кило гўшт — 28 минг сўм. Хоразмдаги янги йил савдо ярмаркалари давом этмоқда (фото)

Фото:Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларида, аҳоли сергавжум жойларида қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Унда деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари «Янги йил ярмаркалари» ва «Элга хизмат – беминнат» расталарида 30 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига арзон нархларда таклиф этилмоқда.

Биргина Урганч шаҳрида жойлашган Марказий деҳқон бозори олдида ташкил этилган ярмаркада вилоятнинг барча туманлари учун алоҳида расталар ажратилган бўлиб, бу ерда қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар, деҳқонлар она заминимизда етиштирилган турли хил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатмоқдалар. Байрамолди ярмаркаларда маҳсулотлар нархининг бозорга нисбатан арзонлиги аҳолига манзур бўлмоқда.

Фото:Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 10 декабридан фаолият  бошлаган савдо ярмаркаларида бир килограмм мол гўшти — 28 000 сўм, товуқ гўшти — 15 000, балиқ — 10 000 сўм, гуруч — 5500 сўм, тухум (донаси) — 400 сўм, 1 кг картошка 1800 сўм, 1 кг сабзи 1000 сўм, 1 кг пиёз 700, 1 литр писта ёғи 9.500 сўм, бир қоп ун 84 минг сўм этиб белгилан.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармасининг амалий кўмаги билан жойларда ташкил этилган  савдо ярмаркаларида маҳсулот нархларни бир хил ушлаб туришга, аҳолига қулай савдо шароитини яратишга ҳамда тўловни пластик карточкалар орқали ҳам амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳсулотларнинг узлуксизлигини таъминлаш учун таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари бириктирилган. Ҳар бир туман учун ажратилган савдо расталари хўл мевалар, полиз экинлари, гуруч, тухум каби истеъмолбоп маҳсулотларга тўла. Бу ерда харидорга сотилаётган маҳсулотларнинг нархлари бозорда савдо қиладиган доимий тадбиркорларникидан анча арзон ва ҳамёнбоп.

Кузатувимиз давомида, Боғот, Янгибозор, Ҳонқа туманларидаги деҳқон бозорларида ташкил тилган савдо ярмаркаларида ҳам бўлдик. Вилоятимизнинг олис ҳудудларидаги бозорларда ҳам талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг нархлари орасида унчалик катта фарқ йўқлиги бизни қувонтирди.

Фото:Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳар бир ярмарка ҳудудига ўрнатилган, ҳашаматли, ранго ранг безатилган арчалар, улар атрофида санъаткорлар ҳамда эртак қаҳрамонлари иштирокида ташкил этилаётган концерт дастурлари аҳолининг, айниқса, болажонларнинг қувончига қувонч қўшмоқда.

Байрам арафасида ярмаркага ташриф буюрган каттаю кичик  юртдошларимиз юзларида табассум, тилларида ширин сўзу, қалбларида шукроналик ҳисси жўш урмоқда. Бу ерда чинакам ясатилган янги йил арчаси, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари болажонларга қувонч улашмоқда.  Деҳқонларимиз эса ўзлари етиштирган олма, узум, қовун, тарвуз, картошка, пиёз, ошқовоқ, сабзи каби турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига арзон баҳода сотиб, байрам дастурхонини бойитишга ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.

Янги йил байрам ярмаркаси 2019 йилнинг 5 январ кунига қадар давом этади.

Дилрабо КУРЯЗОВА

журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг