Бешта ташаббус Бўка қиёфасини тубдан ўзгартирди
Президент Шавкат Мирзиёев Бўка туманида Бешта ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати томонидан хабар тарқатилган.
Бўка тумани давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган бешта муҳим ташаббусни ҳаётга жорий этиш бўйича намуна қилиб олинган. Бўстон, Чавлисой, Янгиқўрғон ва Ровот маҳаллаларида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари Бўстон маҳалласидаги Ёшлар истироҳат боғида бўлди. Қарийб 2 гектар майдонни эгаллаган боғда ёшлар волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, стол тенниси билан шуғулланиши, аттракционлар, рақс майдони, интернет кафеда бўш вақтини мазмунли ўтказиши мумкин. Китобхонликни оммалаштириш мақсадида 4 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган Халқ кутубхонаси ташкил этилди. 450 томошабинга мўлжалланган «Бўстон арена» стадиони реконструкция қилинди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансига ўтказилган стадионда барча зарур шароитлар яратилган. Бу ерда 100 дан зиёд ўқувчи-ёш футбол билан шуғулланади.
Илгари ҳудуд аҳолиси оддий ташхис учун ҳам туман марказига боришга мажбур эди. Ҳудуддаги 7-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мукаммал таъмирланиб, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 100 қатновга мўлжалланган шифо маскани бешта маҳалладаги 14 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда кундузги стационар, ижтимоий дорихона, электрон поликлиника тизими йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари поликлиникадаги шароитни, унинг ёнида барпо этилган «Бўстон барака чеварлари» МЧЖга қарашли тикувчилик цехини кўздан кечирди, тикувчи аёллар билан мулоқот қилди.
– Менинг ниятим сизларни рози қилиш, аёлларнинг чарақлаган бахтли кўзларини кўриш. Сизлар хурсанд бўлсангиз, оилаларингиз хурсанд бўлади, болаларнинг дунёқараши, маънавияти ўзгаради, – деди Президент.
Маҳалла гузарида гўзаллик салони очилди. Узоқ вақт ишламаган ушбу боғча қайта таъмирланди ва 150 болани ўз бағрига оладиган бўлди. Гузардаги 1978 йилда қурилган кинотеатр биноси шу кунга қадар қаровсиз ҳолда эди. Бугун бу ерда 150 ўринли кинотеатр, рақс, доира, рубоб, тасвирий санъат, фортепьяно каби тўгараклардан иборат замонавий маданият маркази қад ростлади.
– Узоқ йиллар Бўка туманига етарли эътибор берилмагани учун халқимиздан қарзимиз бор эди. Бугунги ўзгаришлар – раҳбарлар хоҳласа нималар қилиши мумкинлигига мисол, – деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter