Беш минг метрдан қулашдан кейинги ҳаёт
Лариса Савицкаянинг туғилган куни иккита: биринчисида дунёга келган, иккинчиси — 24 августдагиси тақдир туҳфаси.
1981 йилнинг 24 август санасида Узоқ Шарқ осмонида Комсомольск-Амурдан парвоз қилган «Ан-24» самолёти «Ту-16К» бомбардимончи самолёти билан тўқнашиб кетади. Авиаҳалокат оқибатида 37 нафар инсон ҳалок бўлган. Биргина 20 ёшли Лариса Савицкая омон қолган. 5200 метр баландликдан ерга қулаган самолёт йўловчилари орасида мўъжиза юз бериб ўлмай қолган ягона инсон.
Ўша қизнинг кейинги тақдири қандай кечди? «Ридус» бунга ойдинлик киритди.
Ҳалокат юз берган куни Лариса турмуш ўртоғи билан тўй саёҳатидан қайтаётганди, қайлиғи ҳалок бўлди, ўзи эса узоқ вақт касалхонада қолиб кетди. Фақат орадан йигирма йил ўтибгина россиялик аёл қалбидаги аламли оғриқ билан яшашга кўникди, ўша фожиани иложи борича унутишга ҳаракат қилади.
Ларисани яқинда Перм ўлкасида суратга олинаётган «Ёлғиз» фильмига маслаҳатчиликка таклиф этишибди. Кино ўша ҳалокат ҳақида.
«Ўшанда нима бўлганини фақат бир марта сўзлаб беришимни айтдим, ортиғига кучим етмайди. Ҳиссиётларни ёзиб олувчи датчиклар, иккита полиграф, иккита камера ўрнатишди», — деди Лариса суратга олиш жараёнларига тўхталаркан.
Ҳалокатдан омон қолган қизни ерда бошқа бир даҳшатли синов кутаётганди, то қутқарувчилар топиб келгунларича уч кунни ўлган йўловчилар орасида ўтказади.
«Ҳамма юзтубан ағдарилиб ётар, кўзларим эримдан бошқа ҳеч кимнинг юзини кўрмасди. Энг охири бўлиб бизни топишди, қариндошлар аллақачон гўримизни қазиб қўйишган экан», — эслайди Савицкая.
Мудҳиш тарих, аммо усиз яшаш мумкинмас. Лариса қалбининг бир бўлаги ўша ҳалокатда чилпарчин бўлганини айтади.
«Қаерда самолёт ҳалокатга учраганини эшитсам, ўзимни шу самолётда ўтиргандек ҳис этаман. Ҳаммаси тугаган, ҳаёт тўхтаб қолган чорасиз вазият. Ҳалок бўлганларга аза тутаман», — дейди Лариса.
Лариса Савицкая ҳамма қатори яшашга уринади, бахтли эканини айтади: ҳозир севимли турмуш ўртоғи, ўғли, невараси бор. Ягона қийнайдигани — саломатлиги. Ҳеч қанақа қўрқувларсиз самолётларда ҳам учяпти, аммо авиаҳалокатлар ҳақидаги фильмларни ёқтирмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter