Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантин тўхтамади!

Карантин тўхтамади!

Фото: «Xabar.uz»

Бу ҳақда ўтган йили ҳам ёзган эдик. Бир йил аввал «бундан буёғига фақатгина карантин чораларидан умид қилиб бўлмаслигини масъуллар охир-оқибат тушуниб етишяпти, чоғи», дея умид қилганимиз ўзини оқламади. Чунки тушунарсиз чекловлар ҳамон давом этяпти.

Улардан бири: жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилади.

Бу қарор Тошкент шаҳрида ва вилоятларда юз минглар одам бир жойга тўпланиб, фестиваллар ўтказилиб ётган бир пайтда қабул қилинганди. Қизиғи, бу чекловга ё амал қилинмади, ёки ими-жимида бекор қилиб қўя қолишди. Чунки Тошкент шаҳрига киришда ҳеч қандай тақиқ кузатилмади. Айрим жойларга ўрнатилган тўсиқлар бир-неча кун ичида олиб ташланди. ИИВ матбуот хизмати нималарнидир инкор қилди. Аммо факт шуки: бу чеклов ўз-ўзидан ҳавога учди.

Бугун ижтимоий тармоқларда махсус комиссиянинг шу қарорида келтирилган муддатни (28 июнидан 12 июлига қадар) далил қилиб, «чекловлар бекор бўлади» деган хабарларини ССВ инкор қилиб чиқди. Тўғри, ижтимоий тармоқлардаги хабарларда кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилиши қисмига урғу берилди. Чунки бу қисм Тошкент шаҳрига киришни чеклаш ҳақидаги қарор билан бирга эълон қилинганди.

ССВ хабарида кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига чеклов бекор бўлиши инкор қилиндию, Тошкент шаҳрига киришни чеклаш ҳақидаги қисми бўйича ҳеч нарса дейилмади.

Бошқа масала: кўнгилочар объектлар, кафе, ошхона, чойхоналарнинг 20:00дан кейин ишлаши тақиқланиши билан вирус тарқалмаслигини олдини олиш ўртасида қандай боғлиқлик бор — ҳар қанча ўйланг, тушуниб ета олмайсиз. 20:00гача гавжум бўлса, вирус юқмайдию, бу вақтдан кейин вирус кучайиб, юқумли бўлиб кетадими? Дейлик, тушлик вақтида ошхоналар гавжум ишлаб турибдию шундоқ ҳам.

Бу чекловнинг иқтисодий, маънавий оқибатлари зарарлироқ эмасми жамиятга?

Вилоятларда ҳокимлар ҳам ўзларининг «махсус комиссиялари»ни тузиб, алоҳида чекловлар киритиши ғалати.

Эълон қилинган чекловларга риоя қилинмайдиган, одамларни оммавий тадбирларга ўргатиб, сўнг кўчада ёлғиз юрганида ниқоб тақмагани учун жарима соладиган, ўзи учун кабоб пишираётган тадбиркорга «протокол» тузадиган тизим ва қоидалар одамларни эсанкиратиб, бездириб, охир-оқибат бефарқ қилиб қўйди. Яхшироқ ўйлаб кўриш керакдир ҳаммасини.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг