Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Белбоғи бор, лекин пули йўқ эркаклар ёки дабдаба ортидаги ночорлик

Белбоғи бор, лекин пули йўқ эркаклар ёки дабдаба ортидаги ночорлик

Халқимизнинг ўзига хос чиройли урф-одатлари бор. Лекин уларнинг барчасини ҳам чиройли, ибратли деб айта оламизми? Йиллар давомида шаклланган, ўйлаб топилган баъзи урф-одатлар борки, ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган. Ва шундай ўйлаб топилган одатлар туфайли бугун кўпгина оилаларнинг иқтисодий аҳволи ёмонлашмоқда.

Ҳайитга ҳам кам қолди. Янги келин тушган хонадонларда ҳамда азадорлар оиласида уч кунлаб меҳмон кутиш ҳаракатлари бошлаб юборилган. Кимлардир ишбилармонлиги туфайли топиш-тутиши яхши, шу боис дабдабали дастурхон безаб ўзини кўз-кўз қилиш ҳаракатида. Қайсидир қиз узатган оилалар гўштсиз овқат еса-да, ўнлаб тоғораларга пулни қарз-ҳавола қилиб топади. Айнан тўйларимиз, тадбирларимизда кераксиз урф-одатлар туфайли қанчадан қанча ёш оилалар ажралиш даражасига борди, маъракалар ортидан юзага келган низолар туфайли одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилди. Оилалардаги уруш-жанжаллар, низолар фарзандлар руҳиятида ҳам жиддий асоратлар қолдирмоқда.

Бу каби иллатларга қонун йўли билан чек қўйиш вақти келмадимикан?

Жума намозларида имомлар тинмай: «Мебелни йигит киши қилиши керак», деган тушунчаларни уқтириб келдилар. Ор-номуси кучли йигитлар бу ўгитга амал қилишяпти ҳам. Агар имомларимиз намозларда «Келин томонни қийнаманглар, тоғораларга, исрофгарчиликларга чек қўйинглар. Яхшиси, харажатларни фарзанд кутаётган келиннинг соғлиғига сарф қилинглар», дея тинмай уқтириб борсалар, эркакларимиз ўгитларига, албатта, амал қиладилар ва ўз оилаларида қатъий маънавий тартиб-интизомни йўлга қўядилар.

Энг тўғри ва мақбул йўл шуки, ёш келин-куёвлар ҳайит кунлари зиёратларга саёҳатга боришсин, ҳеч бўлмаганда музейларга экскурсия қилишсин. Ёш келин-куёвларга саёҳат учун йўлланмалар мажбуран тақдим этилса, эскилик сарқитидан воз кечолмаётган, ўзларининг ортиқча орзу-ҳаваслари қулига айланган қайнона-қайноталар эътироз билдиришига ҳожат қолмайди.

Яқин танишим азадор эди, эҳсон қилмоқчи бўлди. «Дастурхон учун бирон тоғорангизни қилиб бераман» дедим. «Ҳозир маъракаларда ҳам палон фирмада тайёрланган пишириқларни қўйишаётган экан, агар малол келмаса тоғоранинг ўрнига майли, пишириқ чиқара қолинг» деди. У айтган манзилга бориб 100 000 сўмга пишириқ сотиб олдим. Илгарилари бундай пишириқлар фақат тўйга ўхшаш катта маъракаларда қўйиларди. Кетар чоғим пештахтада турган жимжимадор саватга кўзим тушди. Сават атрофи сунъий гуллар билан безатилган, орасига новвот ва қандларни усталик билан ясатишганди.

— Бу қандай сават? — янги «ихтиро»нинг яратилиш сабабини англасамда сотувчидан сўрадим.

— Келинларнинг ҳайитлик дастурхонига қўйилади, — деди сотувчи.

— Нархи қанча?

— Саксон минг сўм!

Бу усталикни қаранг-а! Саватнинг ичидаги новвот ва қандларни ҳисоблаб кўрсангиз ярим килога ҳам етмайди. Лекин янги мода кетидан қувувчи бойваччалар учун 80 000 сўм нима бўлибди. Эртага дастурхоннинг икки четига иккита шундай саватни ясатиб қўйса борми, келин кўришга келган барча аёлларнинг ҳаваси келиб, “Худо хоҳласа қизимни узатсам, ҳайитлигини шундай безайман” деган ниятни дилига тугиб қўяди. Одамларнинг ўз соғлиғига эътибор беришга имкони йўқ, ёш болалар қаровсиз, на ўқишларига, на спорт билан шуғулланишларига маблағ ажратилади. Оила бюджетига келаётган маблағларнинг ҳаммаси мана шундай кераксиз, бачкана одатлардан ортмайди.

Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган ижара салонларига эътибор беринг. Пештахталардаги бир-биридан жимжимадор, турли рангдаги, ҳажмдаги сарпо, тоғора соладиган қутиларни кўриб дилим ғаш тортади. Айнан шу бачкана нарсалар эмасми тўйлардаги чиқимларни кўпайтираётган, шулар эмасми одамларни дабдабага, мақтанчоқликка чорлаётган? Кўнглимга бир хавотир оралайди, ишқилиб одамлар ҳайитлик маросимлари учун ҳам ижара салонларидаги қутилардан фойдаланмасалар бўлди. Эскилик сарқитларини таг-туги билан йўқотолмаётган бир дамда тадбиркорларнинг янгидан-янги урфларни ўйлаб топаётганлари охири йўқ муаммоларни келтириб чиқаряпти. Халқнинг оғирини енгил қилишни эмас, балки қандай йўл билан бўлса-да пулини кўпайтиришни ўйлаётган тадбиркорларга инсоф берсин. Биргина маошга қаноат қилиб яшаётган оддий инсонларни нарх-наволар эзаётган бир пайтда, ҳеч бўлмаганда, келин ҳайити маросими қонунан чеклаб қўйилса, одамларга бирмунча енгиллик бўларди. Зеро, тўй қилган ўзбекнинг олдида яна қанча ташвишлари — келин ҳайитидан кейин бешик тўй, чиллагузарон, ақиқа, ўғил тўй ва ҳоказо тадбирлари навбат пойлаб турибди. Бугун ўттизга чиқиб ҳам уйланолмаётган кўпчилик йигитларимизнинг белида белбоғи бор, лекин ўша белбоғида ортиқча урф-одатларга етадиган пули йўқ.

Раъно Маҳмудова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг