Байрам оқшомида кексалар, болалар қандай овқатланиши керак? Шифокор тавсияси
Байрам оқшомида кексалар, болалар қандай овқатланиши керак? Ҳомиладорларчи? Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қуллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда қатор маслаҳатлар бериб ўтди.
— Кексалар байрам дастурхони атрофида ўтирганда ҳазмни яхшилаш учун олдин суюқ овқат ичганлари маъқул. Шундан сўнг, бошқа таомлардан оз-оздан ейишлари мумкин. Ошқозонда бироз оғирлик сезилса, дори ичишга шошилмасликлари, балки анор шарбати ёки анорни ўзини истеъмол қилганлари маъқул. Янги ивитилган қатиқ, қирғичдан ўтказилган турп ҳазмга ёрдам беради.
Бундан ташқари, худди шундай хусусиятга эга бўлган шифобахш ўтлардан дамламалар ичиш мумкин. Бордию, кексаларда ва болаларда байрам таомлари истеъмолидан кейин оғриқ пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Болаларга газланган ичимликларни имкон қадар бермаслик лозим. Айниқса, аллергияга мойил бўлган кичкинтойларга фақат табиий шарбатларни ичирган маъқул.
Шунингдек, ҳомиладор аёлларда кўпинча ёғли ёки қаттиқ қовурилган кучли овқатдан сўнг жиғилдон қайнаши кузатилади. Уларга маслаҳат шуки, термосга дамланган маккажўхори попуги ёки мойчечак дамламаси овқат ҳазмида кўмакчи бўлади. Ҳазмни яхшилаш учун овқатдан кейин бир чой қошиқ олма сиркаси аралаштирилган ярим стакан илиқ сув (агар суюқлик нордон бўлса, озгина асал қўшиб) ёки чой ўрнига ялпизнинг қуритилганини дамлаб ичиш яхши натижа беради.
Тавсияларни бажаришда индивидулликни ҳисобга олган ҳолда, албатта шифокор маслаҳатини олиш лозим.
Зиёфатдан сўнг, кўпчиликда меъда-ичак муамммолари бўлади. Яъни ошқозон кислотаси ортиши ёки камайиши ҳолатлари кузатилади.
Агар кучли кислотали хусусиятга эга маҳсулотлар кўпроқ истеъмол қилинса, ошқозон-ичак тизими фаолияти ёмонлашади ва қон реакцияси кислотали томонга оғиб, юрак уриши тезлашади, ҳарорат кўтарилади, буйраклар иши меъёридан жадаллашади, одам безовта бўлади.
Ишқорий хусусиятга эга маҳсулотлар ейилганда ҳазм аъзолари иши енгиллашади, қон реакцияси меъёрга тушиб, киши ўзини яхши сезади. Демак, танадаги кислотали-ишқорли муҳитнинг меъёрий бўлиб туриши учун кўпроқ табиий маҳсулотлар (сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, мевалар ва кўкатлар) дан еб туриши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter