Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Баландпарвоз маъруза ўқиб, чорак асрдан зиёд вақт муҳожирликда умр ўтказган инсон ҳикояси

Баландпарвоз маъруза ўқиб, чорак асрдан зиёд вақт муҳожирликда умр ўтказган инсон ҳикояси

Фото: РБК.

Одмигина, аммо бежирим кийинган киши таҳририят эшигини қоқиб келди. Қисқагина саломлашувдан сўнг ўзи ўтирган стол устига телпагини ечиб, оҳиста қўйди. Сочлари оқарган, нигоҳлари сўлғин бу киши қалтироқ қўллари билан костюмининг ички чўнтагидан қатланиб, сарғайиб кетган бир вароқ олиб, бизга тутқазди.

«Ҳикоя ёки шеър?»,— дея қоғозга қўл узатдим.

«27 йил илгари ўзим ишлаган ташкилот раҳбарияти томонидан жимжимадор ёзилиб, кейин уларнинг мажбурлови ва қийин-қистови билан аҳоли ўртасида ўқиб берган маърузам»,—деди ҳалиги киши ҳам кулимсираганнамо.

«Эҳтимол, «пахтакорлик», «кўтар-кўтар», «шарафла»дир бу маъруза»,-деган кечинма ўтди кўнглимдан.

Ҳайратимни сезган киши «Аввал бир ўқиб кўринг-да»—деди жиддий тортиб.

«Юрагида эътиқод олови ёнмаган, машаққатли меҳнатлар олдида ўзини ожиз сезган, жасоратдан йироқ айрим замондошларимиз «камбағалликлари» учун замонни айблайди ва «нонларининг ярим»лигидан нолиб ҳам қўяди. Бундайларни ҳатто олий маълумотлилар орасида ҳам учратиш мумкин. Улар хорижга бориб, фалон пул ишлаб келиш илинжига тушади. Ва яхшигина ишлаб турган жойларидан бўшаб, ишсизлик тўрвахалтасини елкасига ташлаганча, меҳнатталаб давлатларга йўл олишади.

Хўш, ўзида қўшимча куч-қувват туғилишига ишонган бундай йигитлар қўшни давлатларга бориб, нима ишлар билан машғул бўлишаркин?!

Уларни оёқлари тагида энг сўнгги русумдаги автомашина, «еганинг олдинда, емаганинг ортингда» деган шоҳона ҳаёт кутиб олармиди?!

Тўғри, айримлари зўр ишлари эвазига бойиб ҳам қайтишади. Аммо қадр-қиммат, миллат обрўйи-чи?!

Хориждан келган саёҳатчилардан бири юртимизни кўриб, «Шундай миллат, биродар халқингиз бор экан-у, аммо биз кўпчилик йигитларингизни ўзимизнинг мансабдор ва пулдор одамларимиз хизматида кўрамиз», — дейишди. Биз эса ўнғайсиз ҳолга тушиб, нафасимизни ичга ютишдан бошқа чора тополмадик. Бу масаланинг оёғини осмондан қилиб кўрсатиш эмас. Гапнинг пўст калласини айтганда, айрим мигрантларнинг фикрларидаги қашшоқлик ўзларининг турмуш даражасининг пастлигига олиб келади.

«Банкрот» бўлиб ёхуд бегона юртларга ўз оёғи билан кетиб, темир тобутда қайтаётган йигитларимиз қанча?! Ҳеч кимга бу кулфатни етказмасин. Бой бўлиб, ўзимга хон, ўзимга бек бўлиб яшайман, дейишнинг оқибати бу. Улар билакларидаги шунча кучни Россиянинг ит ва чўчқаларини боққунча, ўз юртининг тадбиркорлари орасида ёки далаларига сарфлашса, уят эмас!

Бу саволга «Ўзимизда меҳнатга яраша ҳақ олмайсан!» деган жавобни оламиз. Аммо хорижсевар дўстларимиздан «Энди колхозда ишлармидик, колхозчи бўлиб» деган қўпол жавобни эшитамиз. Ўз юртининг қишлоқ далаларида хизмат қилишдан уялган бундай юртдошларимиз хорижга бориб, ўриснинг товуғи ёки сигирини боқиш ва уларнинг тапписини тозалашни ор, деб билишмайди. Қани йигитликнинг ғурури, обрўси?! Ўз юртимизда ишланг ва шу ердан ризқингизни қидиринг!»

Маъруза шундай ёзилган эди. Уни ўқиб кўраётган чоғимда бошимдан совуқ тер чиқиб, тиззаларим увишиб, оёқ-қўлим ҳолсизланди. Ахир бу маъруза бошдан-оёқ мигрантларга ҳақорат ёки  иложсизликдан хорижга кетиб, афсуски, жасади қайтган юртдошларимиз руҳини айблаш эмасмиди?! Суҳбатдошга ўйчан тикилдим.

«Ҳа, мен шу маърузани мажбурликдан, ишдан бўшатиб юбормасликлари учун ўқиб бергандим. Аслида, аслида эса...»,—суҳбатдош ўз ҳикоясини бошидан сўзлаб беришга тушди.

1969 йилда Бухоро туманида туғилган суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ошкор этилмади.

Сарсон-саргардонликка бошлаган маъруза

1986 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат институти (ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология институти) га ўқишга кирдим. Отам болалигимда вафот этган. Талабалик пайтларимда онамга кўмак бериш учун қурилиш ташкилотларидан бирида ғишт ташувчи бўлиб ишлаганман. 1990 йилда институтни тугатиб, қўлимга диплом олдим. Қурилиш ишларига қизиқишим сабабми, шу соҳадан иш қидирдим. Аммо, бир йилдан ортиқ вақт тайинли иш тополмадим. Шундай кунларнинг бирида яқин танишим етарлича билим ва интилишларим борлигини айтиб, мени нуфузли давлат ташкилотларидан бирига ишга киришимга ёрдам берди.

Айни мустақилликка ўтиш даври бўлгани учун давр сиёсати жуда нозик, янгиланиш даврига қадам ташлаш ортида ҳам аллақандай ҳадик ва иккиланишлар бор эди. Ҳар куни саҳар ишга отланиб, кечаси қайтардим. Бир кунда бир нечта манзилларга бориб, маърузалар ўқирдим. Ҳали ёшлар, ҳали аҳоли, ҳали турли хориж давлатларида меҳнат қилиб қайтган муҳожирлар билан учрашувларни ташкил қилиш, ундан ташқари, ишга оид бошқа қўшимча топшириқлар... Чамаси, шу ишда тўрт йилча ишладим. Бу орада уйланиб, оилали ва икки нафар фарзандли ҳам бўлдим. Бироқ, ҳечам бирим икки бўлмас, маошлар кечикар, баъзан икки-уч ойлаб иш ҳақи ололмас эдим. Олган маошларим қарзларни тўлашга кетарди.

1995 йил. Мигрантлар билан учрашувда қандай маъруза қилишим шартлиги борасида топшириқ берилди. Лекин мен маъруза матнини мутлақо бошқа кўринишда тайёрладим. 

Маърузам матнида ўзбек йигитларининг турли хориж давлатларида сарсон-саргардон юришларида ишсизлик, шароитсизлик ва ишлаб турган жойидан тўланадиган маош на рўзғорга, на яшаш шароитини яхшилашга етаётгани ва гоҳида маошларнинг ойлаб берилмаётгани сабаб эканини мисоллар орқали келтириб ёздим.

Эртасига айни учрашув бошланишига бир неча соат қолганда, бошлиғим мен тайёрлаган маъруза билан танишиб кўришини сўради.  Маърузани ўқидию, бошлиғимнинг тепа сочи тикка бўлди — бақирди-чақирди. Агар шу ёзган маърузамни ўқиб берсам, ишдан бўшатиб юборишини пўписа қилди.

Кўп ўтмай, қўлимга баландпарвоз сўзлар ёзилган шу маърузани тутқазишди. Уни ўқиб беришга мажбур бўлдим.  Ахир, бу иш-да!  Бироқ, бу менинг минбарда туриб, охирги маротаба ўқиётган маърузам эди. Мени салкам 30  йил хориж давлатларида сарсон-саргардон юришимга сабаб  бўлган шу маъруза ҳалигача қўлимда.

«Сиз қўлингизга тутқазилган шу маърузани ўқиб берганингизда, одамлар балки эътибор қилишмагандир?!»-сўраймиз.

«Йўқ, тингловчилар ўртасида шовқин кўтарилди: «Иш топиб бер!», «Қайси колхозинг ёки ташкилотинг меҳнатимиз эвазига ҳақ тўлаши мумкинлигини кўрсатиб қўй!», «Оқбилагойимга ўхшаб, у ёқдан бу ёққа қоғоз кўтариб юришдан бошқасига ярамайсан!» деган гаплар отилди. Бироқ, мен уларга «Аслида, бу менинг маърузам ёки менинг дилимдаги сўзлар бу эмас!» дея олмас эдим. Зеро, ортда ишхонам обрўси турганди.

Маърузадан сўнгги қарор

Ўзим истамаган маърузани ўқиб берганим — менинг умрбўйи муҳожирлик йўлини танлашимга сабаб бўлди. Бироқ ўшанда минбардан тушибоёқ, ўз хоҳишим билан муҳожирлар қаторида бўлишга қарор қилгандим.  Шу куниёқ, ишдан бўшаш аризасини ёздим.

1996 йилнинг ўрталарида, 27 ёшимда минбарда чиқиб сўзлаганимдек, тўрвахалтамни елкамга илганча, «Қаердасан, Россия?» деб узоқ манзилга йўлга тушдим.

Болалигимда «катта қурувчи бўламан, архитектор бўламан, баланд-баланд уйлар қураман, ўзим қурган уйлар томидан хурсандчиликдан бақириб, каскамни осмонларга отаман» деган ўй-орзуларимни ташлаб кетдим. Онамни, бири икки яшар, бири эндигина туғилган фарзандимни ва хотинимни ташлаб кетдим. Ва бу йўлни ўзим танладим.

Ҳамқишлоғимиз «чув» туширди

Мен ҳамқишлоғим Сирожнинг ёрдами ва унинг маблағи эвазига ноқонуний йўл билан Россияга жўнадим. У урда қурувчилик соҳасига ишга кирдим. Қурилишда талабаликда ўрганганим - аввалига ғишт ташувчи, кейин ғишт терувчи ва кейинчалик электрпайвандловчи бўлиб ишладим. Иш жуда оғир ва ҳаддан зиёд кўп эди. Тушликни ҳам кўпинча иш устида ўтказардик. Ўша пайтларда қўл телефонларимиз бўлмагани боис, оилам билан бир ёки икки ойда зўрға гаплашиб турардик.

Тахминан, уч-тўрт ойча ишлаб, Сирождан олган қарзларимни тўладим. Лекин шундан кейин у мени, деярли «танимай» қўйди. Ойлик маошларимни тўлиқ бермас, ишлаганим эвазига ваъда қилган маблағининг ярмини ҳам раво кўрмас эди. Яшаш жойим эса бир уйнинг ертўласида жойлашган бўлиб, зах, қоронғи ва бадбўй эди. Етмагандек, қор ва ёмғир сувларининг ҳам сизиб кириши ертўланинг бадбўйлигини баттар оширарди. Пулни иқтисод қилиш учун эса тўйиб овқатланмас ҳам эдим.

Орадан яна тўрт ойча вақт ўтди. Соғлиғимда нуқсон сездим. Аҳволим кундан-кун оғирлашиб, мадорим қурий бошлади. Маошимни эса Сирож билан жанжаллашиб олишимга тўғри келди. У ҳамма меҳнат ҳақларимни тўлади, аммо энди қорамни кўрсатмай, унинг «территория»сидан туёғимни шиқиллатишимни айтди. На илож, кетдим. Бетобман, тана ҳароратим кўтарилиб кетган ҳолда ҳам амаллаб Россия банкларидан биридан оиламга яхшигина пул жўнатдим. Кўнглим бироз хотиржам бўлди, бироқ банк эшигидан нарига чиқа олмадим, соғлигим ёмонлашиб, ўзимни бошқаролмай қолдим. Йиқилиб тушганимни эслайман.

Етти ёт бегонанинг кўмаги

Ўшанда мени рус миллатига мансуб Сергей Петров деган мутлақо бегона киши касалхонага олиб келган экан. Гепатит С билан касалланибман. Петров кунора мендан хабар олди, даволаниш пулларини ўзим тўлаётган бўлсам ҳам мен билан худди яқинларимдек муносабатда бўлди. Ҳали Россияга ишга келганимга бир йил бўлмаган, рус тилида ҳам, деярли, сўзлаша олмайман, шунга қарамай, бир-биримизни тушундик.

Оардан бир ойларча ўтиб, у мени касалхонадан тўғри ўз яшаш уйига олиб келди.  Ёлғиз яшаркан. Оёққа тўла туриб кетганимдан сўнг менинг иш топишимга ҳам кўмаклашди. 

Катта дўконлардан бирига қоровул бўлиб ишга кирдим. Яхшигина маош ва энг асосийси, уни вақтида тўлашарди. Қишлоқда ўсган боламан-да ерни, яшилликни яхши кўраман. Бўш вақтларимда дўкон атрофидаги ташландиқ бир боғнинг гул ва дарахтларини ҳам парваришлардим. Яшнаб кетган боғни кўрган дўкондор маошимни икки ҳиссага оширди. Қўлимдан пайвандловчилик ҳам келишини билгач, боғ атрофини темир панжара билан ўраб, кичик-кичик фавворалар ҳам ўрнатишим кераклигини билдирди.

Оиламни, ўзимни оёққа турғизиш учун меҳнатдан қочмадим. Кеча-кундуз тиним билмадим. Кечалари Петровнинг уйига судралиб борардим, азбаройи кун давомидаги жисмоний меҳнатдан оёқ-қўлим оғриб, зирқирраб чиқарди. Лекин онам, хотиним, фарзандларим хурсанд, мен шундан мамнун эдим.

Кўз очиб юмгунча, тўнғич фарзандимнинг суннат тўйи ёшига етиб қолганини айтишди. Топган-тутганларимни йиғиб, тўйни ўтказиш мақсадида 1998 йил Бухорога келдим.

Орадан икки-уч ой ўтгач, совға-саломлар билан, яна ноқонуний йўл билан Россияга - Петров хонадонига қайтдим. Афсуски, 73 ёшли кекса дўстим мен қайтгунча оламдан ўтган, қариндош-уруғлари ҳам «топилиб» қолган экан.

Россияда «дед» бўлган «ўзимизники»лар

Шундан сўнг Россияда ишлаб юрган тумандошим Рашид исмли йигитга «юк» бўлишга мажбур бўлдим. У мени шаҳар чеккасидаги ўрмонзорга яқин қишлоқлардан бирида — иш жойимдан қарийб, 70 километрча олисда жойлашган муҳожирлар яшаётган хонадонлардан бирида яшаб туришимга кўмаклаша олишини айтди. Манзил узоқ бўлса-да, рози бўлдим. Ўзбекистон ва тожикистонлик жами 11 нафар муҳожир яшаётган битта хонага ўн иккинчи киши бўлиб жойлашдим.

Дўкон қоровуллигини давом эттирдим. Боғбонлик билан ҳам шуғулландим.

Топганим ўзимга ва менга кўз тикиб турган оиламдагилар таъминотига етиб турган бўлса ҳам йўл азоби толиқтирарди.

Ўзим яшаб турган манзилга яқин жойдан, яна қурилиш соҳасидан иш топдим. Меҳнати оғир бўлса ҳам иш жойим ижара уйимизга яқин, ҳатто бироз мизғиб олиш имкони ҳам бор эди. Электрпайвандловчи вазифасини беришди. Қурилиш соҳасига қизиқишим юқорилиги учун ҳам ишимни сидқидилдан бажарардим.

Оғир меҳнатни кўп қилардик, бироқ тўловида анча куйиб қолардик. Олти-етти ойдан, айримлар икки йилдан буён тўланмай келинаётган меҳнат ҳақларни талаб қилса,  қўл-оёқларимизга сигареталар босиб, ўрмонзорга олиб чиқиб дўппослашарди. Аламлиси шундаки, булар Россияда «дед» бўлиб олган ўзимизнинг юртдошлар эди. Қийинчиликлардан йиғлаган, оиламизни соғинган, қўмсаган пайтларимиз кўп бўларди.

«Визасиз зарарли каналар»

Биз яшаётган ўрмонзор яқинида жойлашган қишлоқдаги хонадонларда ўрта осиёлик, жумладан, ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўплиги боис, тез-тез полиция ходимлари келар, улар ҳам камситар ва ҳақоратларди.

«Булар визасиз зарарли каналар, кападек жойга бутун авлод-аждоди билан тиқилиб, ҳаммаёқни карвонсарой қилишди» дея ўдағайлашарди. Бу ҳақоратни ҳазм қилолмасак ҳам чидашга мажбур эдик. Чунки бизни ортимиздан ҳимоялайдиган ҳеч кимимиз йўқ эди.

Бундай ўйлаб қараса, ҳозир ҳам шундай. Россиянинг турли манзилларида оғир меҳнат қилиб, етарлича маош олмаётган, маошини талаб қилганда калтакланаётган, ертўла-ю, темир вагонларда яшаб, совуқ кунларда дийдираб тонг оттираётганлар қанчадан-қанча.

Кун давомида совуқда муздек сув кечиб ишлаб, оёқлари увишиб, зах ўтиб кетганлар кўп. Иш берувчи ака-укалар уриб дўппослар, полициячилар одам ўрнида кўрмас, мазахлаб устимиздан кулишарди.

Муҳожир сариқ чақасини ҳам ололмай, сарсон-саргардон бўлганда, унинг устидан кулишганда, ночор аҳволидан хабардор бўлиб туриб ҳам унга кўмакка қўл чўзиш чоралари кўрилмаган ҳолатлар саноқсиз.

Ҳақ-ҳуқуқсиз муҳожирлар

Билишимча, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг ваколатлари кенгайтирилган. Хорижий иш берувчилар билан шаротномалар имзолаш ҳуқуқи берилган. Бундан ташқари, агентлик ҳудудий филиалларининг раҳбарлари — вилоят ҳокимларининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчиси тайинланган. Лекин кўзга кўринарли натижа йўқ.

Яқинда Ўзбекистондан ташқарида бўлган юртдошларимизнинг умумий сони ҳақида тахминий маълумотлар берилди. Энг қизиғи, маълумотлар  -  тахминий. Аниқ эмас!

Афсуски, юрт иқтисодиётига жуда катта салмоқли ҳисса қўшаётганига қарамай, ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқсиз аҳволда. Тўғри, кейинги йилларда миграция агентлиги, элчихоналар муҳожирларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти, аммо ҳаракатлар суст ва ҳимоялар жуда кам.

Ишонасизми, бугунги кунда Россия полицияси ва муҳожирлар қарама-қаршилиги одатий тусга кириб қолган. Улар меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш чоғида ўта қўпол муносабатда бўлади, жабр етказади. Муҳожирлигини билиб, узоқ йиллар давомида уларни билиб, таниб ҳам, ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, вақтини олади, идорасига олиб боради. Шу сабаб ўз ишига вақтида етиб боролмай, ишидан айрилганлар талайгина. Энг қизиғи, полициячилар ҳозир метролар олдида худди пойлаб турадиган одат чиқарган. Муҳожирларни «вақтимни олманг, келишамиз» дейишга кўниктиришган. 100–150 рубль ёки бир қути сигаретани чўнтагига солиб қўйишимизга ишора қилишади. Начора?!

Эътибор қилган бўлсангиз, Ўзбекистонга келиб ишлайдиган муҳожирлар камситилмайди. У хоҳ лавозимдор, хоҳ оддий ишчи бўлсин, иззати жойига қўйилади. Меҳнат шароитлари яратилган. Муҳожирларга таржимонлар хизмати жалб этилади, махсус ошхоналарда овқатлантиришади, ётоқхоналар билан таъминлашади. Сабаби эса уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ортида турган мамлакати бор, улар ўз давлати томонидан ҳимояланади.

Билсангиз керак, ўзимизда бир нечта «хорижда иш билан таъминловчи» хусусий агентликлар ўз ҳамёнини тўлдиришга тўлдириб, иш билан таъминлашга келганда, ўзини панага олди. Натижада улар жиноий жавобгарликка тортилди. Рақобатбардош касбларга тайёрлашни ўз олдига мақсад қилган касб-ҳунар коллежлари учун сарфланган миллиардлаб маблағлар кўкка совурилди. Энг қизиғи, минбарларда туриб, фуқаронинг меҳнат ҳақи олгунича кредит ажратиш орқали «ҳимоя қилиш»га шай кўзбўямачи маърузалар ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Фуқароларнинг ишга жойлашиб, маош олгунгача йўл ҳақи, патент олиш ҳамда ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада ажратиладиган кредитлар ўрнида хорижга ишлашга жўнаётган юртдошларимиз учун ҳеч бўлмаса, авиачипталар нархини арзонроқ қилиш керакмасмикин? Рўзғор тебратиш мақсадида бегона юртга ишлашга кетаётган фуқаронинг ўзи билан катта қарзни ҳам елкалаб кетаётгани жудаям оғриқли. Бу қарзни қайтариш учун чекиладиган заҳмат, машаққатнинг ўзи бўлмайди.

Ватанга қайтиш

Ўқувчилик йилларимизда севимли хонандамиз Шерали Жўраевнинг

«Замон, замон, бизнинг замон, даврон бизники,

Қўлимизда ер-у осмон, имкон бизники...» қўшиғини тўлқинланиб тинглардик. Бу қўшиқ бизни яшашга, яратувчанликка чорларди. Замон ҳам, даврон ҳам бизники, дея ғоз юрардик. Шу қўшиқни тинглаб улғайган замондош йигитларимизнинг қанча-қанчаси яхши яшаш илинжида хорижларда саргардон кезмоқда. Муҳожирлар муаммолари вақт ғаниматида ҳал этилмаса, турли кўнгилсиз оқибатларнинг аччиқ сабоқларини ўзимиз тортишда давом этамиз.

Муҳожирларга кўмак, эътибор зарур. Одамларнинг иш билан бандлигини ошириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар эса ҳозирча денгиздан томчи, холос. Бу кўпларни муҳожир бўлиб турли хориж давлатларида саргардон кезишдан сақлаб, уларнинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўларди. Ҳозир бу сатрларни ўқиётган ўқувчи, эҳтимол, мени «эзма чол» дея атар, аммо 26 йилдан зиёд вақт муҳожирлик юкини елкалаб юришнинг ўзи бўлмаслигини, осон эмаслигини яхши тушунаман.

Бугун кексайиб қоляпман. Сочларим оқарди. Умримнинг чорак асрдан кўп даврини Россиянинг совуқ қаҳратонларида ўтказдим. Тўғри, пул топдим, бойлик орттирдим. Оилам фаровон, тўқ. Уй-жой, машина, ҳовли-жой, дегандек. Шукрки, онажоним ҳаёт, аёлим диёнатли. Фарзандларим уйли-жойли. Улар истаганда ҳам фарзандларимни хорижда ишлатмадим.

Улар Ўзбекистонда ўқиб, шу ерда ишли бўлди. Ҳаётда ўринларини топишди. Ўзим эса... соғлигимдан айрилдим. Муҳожирликда ёмонни учратдим, яхшига дуч келдим. Хўрландим. Калтакландим. Камситилдим. Юртга қайтиш учун йўлкирага пул тополмаган вақтларим ҳам бўлди. Аммо, барибир, бошимга худди болта билан уришгандек менга мажбурий-қистов билан ўқитишган маърузанинг оғир юкидан халос бўла олмадим.

Айни навқирон чоғимда минбарда ўзим истамаган биргина маърузани ўқишга чорлашгани мени умр бўйи муҳожирликда яшашга ундади.

2022 йилнинг охирларида Бухорода қайтдим. Бунга икки давлат ўртасида кечаётган қирғинбарот уруш сабаб эмас. Чунки менда на ишлашга қувват бор ва на соғлиқ қолган.

Лайло Ҳайитова  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг