Айрим расмийлар Дима Қаюм орқали «очко» ишлаб олишмоқда
Риштонлик журналист Баҳодирхон Элибоев шу кунларда блогер ва тадбиркор Дима Қаюм атрофида бўлаётган гаплар (унинг гўёки «самосуд» қилингани ва ҳоказо) масаласини ўрганиб, фейсбукда пост қолдирди.
Дима Қаюм атрофидаги гаплар ҳақида...
Рости бу ҳақда мен ҳам дўстимнинг уйида эшитдим. Эрталаб маъракага борганимда, «укахонинг аёллар билан жанжал қилибдими?» деб сўрашди. Бехабарлигимни айтдим.
Кейин ўзи ишим билан бозорга борганда айрим бозорда ишловчилар билан гаплашдим.
Олдиндан бир гапни айтай: «Димага кутубхонаси учун ер берилди», «рамзий ғишт қўйилди» деган гаплар ҳақиқатдан узоқ. Димага ҳали ер берилганича йўқ. Буни ўзи ҳам тасдиқласа керак. Шунчаки айрим расмийлар Дима орқали «очко» ишлаб олишмоқда. Майли, уларнинг ҳам омадини берсин.
Тадбиркорларнинг дарди ичида. Ахир неча йиллардан бери бозорда савдо қилаётганларнинг дўконлари бузилди. Минглаб долларга қурилган дўконлар 1-2 кунда ер билан битта бўлган, савдогарлар ҳам дўконларидан ажралишган, ҳам айрим маҳсулотлари айниб қолиб пулга куйишган, ҳам айримлари кредит олган ҳолларида эътиборсиз қийин аҳволда қолиб кетишган.
Ҳокимият вакиллари тадбиркорларни тинчлантириш учун бозорда савдо қилувчиларга дўконларининг ўрни қайта берилишини, фақатгина жойлар аукцион орқали берилишини айтиб келаётган эди. Бу ваъдалардан тадбиркорлар бироз ҳовурларидан тушиб, дўкон қурилишига старт берилишини кутиб юришган эди. Ўзаро «фалон жойда сиз савдо қилардингиз, ўша жой яна сизга бўлса, фалон жойни мен оламан, чунки олдин ҳам шу жойда савдо қилардим» деб келишиб ҳам қўйишган. Ички тартиблар кўп жойларда борлиги сир эмас.
Мен ҳам уларнинг 3-4 тасига «муҳими бозор жойига қайтди, этажли уйлар қурилмайдиган бўлди, энди бу ёғига муроса қилиб, ортиқча ғалвасиз, дўконларингни қуриб олсаларинг марра сизларники» деб қўйгандим. «Ҳа, муҳим иш ҳал бўлди, буёғига муросамизни қиволамиз» дейишган эдилар.
Ростиям-да, ўзи ҳокимият вакиллари тушган пулларни уйи бузилганларга компенсация сифатида бериш билан овора бўлса, ҳозир дўкондорларнинг ғалвасига вақт борми? Аввал уйсизларни бир ёқлик қилайлик деб туришибди.
Хуллас, ҳаммаси бир текис кетаётган бир пайтда, Дима укамиз амалдорлар билан келадию бозорнинг ўртасида, олдинги қаторга рамзий ғиштни қўйганини эълон қилади. Табиийки, ижтимоий тармоқларни риштонлик тадбиркорлар ҳам кузатиб борадилар. Ва бу иш уларнинг ўзаро келишилган режаларини пучга чиқаради. Мана ҳақиқий можаронинг сабаби қаерда!
«Гап фақат кутубхонада эмаслигини кўпчилик билади. Кутубхона баҳонасида савдо ишлари ҳам бўлиши табиий. Кутубхона бир қалқон вазифасида» дейдиган тадбиркорлар «кутубхонангни олдинги жойи бу ер эмас эди, олдинги жойи тарафга қургин, ўзингча 2-3 та амалдорлар ёрдамида бозорни истаган еридан жой ололмайсан» дейишган.
«Дима билан тенг ҳуқуқлимиз, блоггер бўлгани учунгина унга бозорнинг олдидан у хоҳлаган жойдан ер берилиши адолатсизлик. Бошқа тадбиркорлар учун аукцион қиламиз дейишади-ю, блоггер учун аукционсиз ер бериладими? Шуми сиз блоггерларнинг адолати?» дейди бошқа бир тадбиркор.
Риштон бозоридаги тадбиркорларнинг эътирозлари тушунарли бўлди деб ўйлайман. Дима укамиз билан шу масалада «разбор» қилишмоқчи бўлишади. Табиийки, Дима бу гапга қаршилик қилди ҳам. Телефонини олиб кутубхонага ким қарши эканлигини сўрайди. Тадбиркор аёллардан бири «бу ишни видеога олиш нимаси, шуниям интернетга чиқарворасанми?» деб эътироз билдиради. Қолган тадбиркорлар эса Диманинг бу можароларни видеога олмаслиги учун куч ишлатадилар ва тасвирга олиш тўхтаб қолади. Буни сизлар ҳам кўргандирсизлар.
«Нега телефонига ёпишасизлар?» деб сўраганимда эса «шуниям съёмка қилиб чиқарворадими? Эртага яна амалдор акалари келиб бизни айбдор қилади. У ҳам тадбиркор бўлса, тадбиркорлар ўзаро низоларини интернетсиз ҳал қилолмайдими?» деб жавоб беришган.
Бир нечта тадбиркор билан гаплашгач, Диманинг ёнига бориб у билан ҳам гаплашдим. Эски гапимни яна такрорладим. Йўлнинг нариги бетида, ариқнинг бўйида «Bookcafe» учун ажойиб жой борлигини кўрсатиб, ўша ерга қурса қулоғи тинчишини, блоггер ёки журналист биринчи навбатда ўз яқинларининг ҳурматини қозониши кераклигини, мақсад кутубхона бўлса, Риштоннинг роса киндиги эканлигини, намунча шу бозорга ёпишиб олганини айтиб, озгина танбеҳ бердим ҳам.
«Майли, қуринг, шу кутубхонангизни, мана 5 қадам нарида, йўлнинг нариги томонида қуринг, фарқи нима? Туз, бонка, олтингугурт сотмайсизу, Bookcafeнинг бир бурчагига музқаймоқ ва «газвода» очиб қўясиз, солиқ ва бошқа тўловларни қоплаб туради» дедим.
Дима ҳали кутубхонанинг жойи аниқ эмаслигини, шунчаки рамзий маънода ғишт қўйилганини, унга деса бозорнинг бир бурчагидан жой тегса ҳам рози эканлигини айтган. Суҳбат охирида эса тадбиркорларни ИИБга ёзиб берганини маълум қилган.
Бор гап шу ўртоқлар. «Кимлардир блоггерга бозорчи аёлларни қайрашди» деган важлар нотўғри деб ҳисоблайман. Бу воқеада иккала томонни ҳам айби бор. Тадбиркорлар озгина вазминроқ бўлиб, ўзларини босволиб, жанжалсиз ҳал қилсалар ҳам бўларди. Тадбиркор Дима ҳам ўша рамзий ғиштини расмга олиши керак экан, бозорнинг бир чеккасида расмга олиб қўйса ҳам бўлаверарди, деб ёзади Баҳодирхон Элибоев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter