Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аёллар ҳуқуқларининг ҳимояси: Грузия тажрибаси

Аёллар ҳуқуқларининг ҳимояси: Грузия тажрибаси

 

USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳатлар дастури доирасида Ўзбекистоннинг давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари «Зўравонликка қарши 16 кун» акцияси кунлари Грузияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ташкилотлар фаолияти билан танишиб, тажриба алмашинишди. Мақсад Грузия Парламенти, гендер зўравонликка қарши курашаётган,  инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар фаолияти ва тажрибаси билан танишиш.

 

Бугунги кунда қатор фаоллар гуруҳлари қонун ҳужжатлари ижроси, хотин-қизлар ҳуқуқлари таъминланиши устидан назорат олиб бормоқда. Шулардан бири Грузия  Омбудсмани халқ ҳимоячиси Сопио Русецкининг фикрига кўра, қонунчиликни амалиёт билан уйғунлаштириш муваффақиятли амалга оширилганига қарамай, ҳануз жиддий муаммолар мавжуд. Шулардан бири фемицидлар, яъни аёл кишининг ўлдирилиши ёки уни ўлимга олиб борувчи ҳолатлардир. Грузияда фемицидлар мониторинги механизми ишлаб чиқилган ва у мунтазам равишда амалга оширилади.

– Грузияга ташриф Омбудсман билан танишувдан бошлангани сабаб ҳам эсда қоларли бўлди, – дейди «Ойдин нур» оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш маркази раҳбари Шахноза Ихтиярова. – Сопия  Русецки хоним суҳбат давомида гендер зўравонликнинг олдини олиш, фемицид, эрта турмуш масалаларида департамент томонидан қилинаётган ишлар борасида кенг кўламли маълумот берди.  Энг асосийси ҳар йили шелтерлар ва инқироз марказларида мониторинг олиб борилиши ва унда нафакат бенефициарлар, балки ходимлардан ҳам фикр-мулоҳазалар сўралиши эътиборга лойиқдир. Албатта Ўзбекистонда Грузия каби 12-13 ёшдаги қизларни эрга бериш муаммоси йўқ ва бу жуда қувонарли ҳолат. Лекин Ўзбекистонда Омбудсман барча давлат ва нодавлат ташкилотлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориши йўлга қўйилмагани  ачинарлидир.

Грузияда кўплаб ННТлар айнан аёллар ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланишади. Асосий муаммо эрта турмушга бериш, ишсизлик, камбағалликдир. Статистик маълумотларга кўра Грузияда 4 миллион аҳоли яшайди. Шундан 600 минг атрофидаги аҳоли ночорликда кун кечиради. Меҳнат миграцияси ўта юқори. Бугунги кунда Грузияда 7 та инқироз марказлари ва 6 та зўравонликка учраган аёллар учун бошпаналар мавжуд. Одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш давлат жамғармаси томонидан Грузиянинг бир қанча шаҳарларида зўравонликка учраган аёллар  учун бошпаналар ташкил этган. Тбилисидаги Одам савдоси ва оиладаги зўравонлик қурбонлари учун бошпана, Тбилиси инқироз маркази шулар жумласидандир. Бошпана раҳбари Элисо Аирегибининг айтишича, бошпанага тушган жабрдийдалар бу ерда 6 ойдан 9 ойгача қолиши мумкин. Бошпана 20 та одамга мўлжалланган. Бу ерда аёлларга ҳуқуқий-психологик, зарур бўлганда тиббий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг фарзандлари учун турли хил тўгараклар, дарс ва ўйин хоналари мавжуд.

Аёллар ўзларининг иқтисодий аҳволини тиклаб олишлари учун бепул қандолатчилик ва сартарошлик курслари мавжуд. Бошпана қошида фаолият юритаётган кичик қандолатчилик цехида улар ишлашади, шу ерда очилган дўкончада пишириқларни сотиб даромад топишади. Аммо бошпана давлат томонидан мунтазам равишда маблағ билан таъминланмагани сабаб, жамоа ҳомийлар ва халқаро донорлардан ёрдам кутади. 

Бошпанага борганимизда эътиборимни тортган нарса, кираверишда итнинг уйчаси борлиги ва бу ерда яшаётган Люси номли ит стресс ҳолатда келтирилган зўравонликка учраган аёлларнинг дўстига айлангани. Люси уларга ва аёлларнинг фарзандларига  ўзига хос психологик ёрдам беради, тинчлантиради. Бундай амалиёт Ўзбекистонда ҳам қўлланса нур устига нур бўларди. Чунки аллақачон зоотерапия ёрдамида одамни стресс ҳолатдан чиқариш усуллари бутун дунёда қўлланилмоқда.

Грузия ҳуқуқий ташкилотлари томонидан  хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар қимматли маълумотлар билан бойитилгани эътиборга лойиқ. Ўз навбатида Ўзбекистонлик вакиллар ҳам олиб борилаётган гендер сиёсати ва унда ННТларнинг ўрни ҳақида тўхталишди. Бу каби тажриба алмашишлар албатта ўз самарасини бериши шубҳасиз.

                                                                                             Наргис Қосимова, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг