Автомобилда халқаро ташув учун рухсатнома бериш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори (277-сон, 07.07.2023 й.) билан Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш квотасини белгилаш, тақсимлаш, бериш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом қабул қилинди.
Низомга кўра, рухсатномаларда автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташиш турлари (икки томонлама, транзит ёки учинчи давлатга/дан ташиш) ва улардан фойдаланиш шартлари кўрсатилади.
Рухсатномалар қуйидаги асосий турларга бўлинади:
- икки томонлама юк ташиш учун;
- транзит юк ташиш учун;
- учинчи давлатга/дан юк ташиш учун;
- икки томонлама/транзит юк ташиш учун;
- икки томонлама қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун;
- транзит қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун;
- икки томонлама/транзит қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун.
Хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризани миллий ташувчи ўзининг ЭРИси билан тасдиқлаган ҳолда «Е-авто рухсатнома» ААТ орқали такдим этади ва ариза олинган кундан 1 иш кунида кўриб чиқилади.
Рухсатномани бериш ёки беришни рад этиш «Е-авто рухсатнома» ААТда автоматик тарзда амалга оширилади.
Рухсатномалар улар берилган кундан 90 календарь кун ичида ваколатли органга қайтариш шарти билан ташувчиларга берилади.
Ҳар бир бериладиган хорижий/кўп томонлама рухсатнома учун БҲМнинг тўртдан бири (82 минг 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Миллий ташувчи томонидан унга берилган хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни ёки улар бўйича ҳуқуқлар учинчи шахсларга берилганлиги аниқланган тақдирда, «Е-авто рухсатнома» ААТда автоматик тарзда ушбу ташувчига – 3 ой муддатга, йил давомида қайта аниқланса – 6 ой муддатга барча хорижий/кўп томонлама рухсатномалар берилиши тўхтатилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter