Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Авлоддан-авлодга ўтган жиноят. Меҳрибонлик уйидаги даҳшатларнинг янги тафсилотлари

Авлоддан-авлодга ўтган жиноят. Меҳрибонлик уйидаги даҳшатларнинг янги тафсилотлари

Фото: «Repost»

Ёдингизда бўлса, «Xabar.uz»да «Марғилондаги меҳрибонлик уйи: хўрланган болалар, хўрланган қизлар...» номли мақола эълон қилинган эди. Шундан сўнг меҳрибонлик уйида юз берган даҳшатли жиноятларнинг тафсилотлари бирин-кетин юзага чиқа бошлади. 

«Repost.uz» нашрида Марғилондаги 1-меҳрибонлик уйида юз берган жиноятларга бағишланган яна бир мақола эълон қилинди. Унда жиноят қай тарзда фош этилгани ҳақида янги тафсилотлар билан танишишингиз мумкин.


2017 йилнинг декабрь ойида Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган 1-меҳрибонлик уйида болаларнинг зўрланиши ҳақидаги даҳшатли миш-мишлар кенг тарқалди. Маълумки, бундай муассасалардаги мавжуд шароитлар ҳавас қиладиган даражада бўлмайди. Бундай жойларда болалар тўйиб овқат емаслиги, уларнинг гигиена қоидаларига риоя этиши учун шароит яхши бўлмаслиги, тоза буюмлар берилмаслиги каби очиқчасига таҳқирловчи ҳолатлар ҳақида аввалдан айтилиб келинади.

Тарбияланувчилар фақат байрам кунлари, шаҳар раҳбарияти ёки мамлакатнинг бошқа туманларидан ташриф буюрган меҳмонлар олдида чиройли кийинтирилган. Аммо бу ҳолга аллақачон эътибор берилмай қўйилган. Эҳтимол, ушбу меҳрибонлик уйидаги зўравонликлар ОАВда ўз тасдиғини топмаганида бу миш-мишлар ҳам унутилиб кетарди.


Мавзуга доир: «Марғилондаги мудҳиш жиноятлар юзасидан 10 киши суд қилинмоқда»


Ҳақиқатан ҳам, ҳозир ушбу меҳрибонлик уйи ходимларига нисбатан жиноий иш очилган. Улар катта миқдордаги пулни ўзлаштириш ҳамда тарбияланувчи болаларга нисбатан зўравонликда гумон қилинмоқда.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Марғилондаги меҳрибоник уйи воқеаларининг юзага чиқиши борасида бир неча тахминлар мавжуд:

1. Тарбияланувчиларидан бири билан юз берган «бахтсиз ҳодиса»дан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу меҳрибонлик уйига эътибор қаратган. Меҳрибонлик уйининг исмини ошкор қилишни истамаган ходимининг сўзларига кўра, 2017 йилнинг кузида тарбияланувчи қизлардан бири ўз жонига қасд қилишга уринган. Тирик қолган қиз маҳаллий шифохоналардан бирига ётқизилган. Шифокорлар қизнинг танасида жароҳатлар, кўплаб зўравонлик аломатларини аниқлашган. Узоқ суҳбатлардан сўнг қиз меҳрибонлик уйида тарбияланувчиларга нисбатан мунтазам равишда зўравонлик содир этилишини айтиб беради. Қиз бунга меҳрибонлик уйининг катта ёшдаги тарбияланувчилари, ходимлари ва бегона шахсларнинг дахлдорлигини маълум қилади. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг текширувига сабаб бўлади.

2. Яна бир тахминга кўра, 2017 йили ёлғиз она меҳрибонлик уйига қизини ташлаб, ўзи пул ишлаш учун чет элга кетади. Она боласидан воз кечмайди, қариндошлари йўқлиги сабаб шундай йўл тутишга мажбур бўлади. Таниш аёл мунтазам равишда қиздан хабар олиб, унга озиқ-овқат ва кийим-кечаклар етказиб туради. Бир куни қиз таниш аёлдан онаси билан гаплашишни илтимос қилади. Она билан гаплашган қиз меҳрибонлик уйи ходимлари ва катта ёшли тарбияланувчиларнинг зўравонлиги ҳақида бор ҳақиқатни айтиб беради. Қизнинг онаси чет элдан қайтиб келади. Қизчанинг психолог билан бўлган суҳбатидан сўнг воқеа ўз тасдиғини топади.

Ҳар икки воқеанинг якунида ҳуқуқ-тартибот идоралари меҳрибонлик уйини кузатишга тушади. Ички ва ташқи видео кузатув йўлга қўйилади. Биринчи видеокузатув меҳрибонлик уйи қаршисида жойлашган поликлиника орқали амалга оширилади. Поликлиника палаталарининг бирида кузатув камераси ўрнатилади. Ички кузатув эса «ҳомий томонидан совға қилинган» телевизор орқали амалга оширилади.


Мавзуга доир: «Марғилондаги даҳшат. Болалар уйи бўйича суд қандай босқичда?»


Кузатув натижаларида қизлар айтган гаплар ўз тасдиғини топади. Маълум бўлишича, узоқ вақт давомида меҳрбонлик уйи болалари зўрлаб келинган. Аммо бу қачондан бошланган?

Авлоддан-авлодга ўтиб келинаётган одат

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари икки мактабда: 8-ўзбек ва 11-рус мактабларида таълим олишади. Улар бошқа ўқувчилардан нафақат гуруҳ бўлиб келиши билан, балки хулқ-атвори билан ҳам фарқ қилади. Болалар тажовузкор бўлиб, катта ёшдаги болалар кичик ёшдагиларни хафа қилиши айниқса кўзга ташланган. Бир қарашда бундай ҳол оддий оилалар фарзандларида ҳам кузатиладигандек туюлади.

Ушбу камситишлар замирида жинсий зўравонлик ётади. Жумладан, 3-синфда ўқувчи қизни 6-синфда ўқувчи бола очиқчасига хафа қилган. Ҳар иккиси ҳам 8-мактаб ўкувчиси ҳамда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари.

Ушбу ўқувчилар билан тарбиявий суҳбат давомида бундай ҳаракатлар катта ёшдаги ўқувчилар зўравонлигининг натижаси эканлиги аниқланади. Болалар танасидаги зўравонлик излари эса бунинг тасдиғи бўлди.

Маълумотларга кўра, худди шу мактабнинг ўғил бола ўқувчилари ғайриижтимоий жинсий хатти-ҳаракатлар содир этаётган вақтда бир неча маротаба ушланган. Улар билан бўлган суҳбатда меҳрибонлик уйида «жинсий тарбия» фаол равишда амалиётга татбиқ этилгани аниқланади.

Аммо ҳибсга олинган меҳрибонлик уйи тарбиячилари айтган гап янада даҳшатлидир. Суҳбат чоғида улар юз берган воқеаларнинг қўрқинчли нарса эмаслигини хотиржам равишда таъкидлашган. Тарбиячиларнинг айтишича, улар меҳрибонлик уйида тарбияланган даврда ҳам уларнинг тарбиячилари худди шундай қилишган.

Бундан чиқди, зўравонлик бир эмас, бир неча ўн йиллар давом этган.

Махфийлик грифи остида

Айни пайтда меҳрибонлик уйи ходимларидан аниқ маълумот олишнинг имкони йўқ. Ҳамма саросимада ва улар учун матбуот билан алоқа қилиш ўз жонига қасд қилишга тенг. Фақатгина муассасанинг 10 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилгани, 167 миллион сўмдан кўпроқ зарар аниқлангани маълум. Шунингдек, муассаса ходимлари қасддан болаларга жисмоний шикаст етказгани, аборт қилишга мажбурлагани, вояга етмаган шахслар билан жинсий алоқа қилгани ҳам тасдиқланди.


Мавзуга доир: «Марғилондаги меҳрибонлик уйида содир этилган даҳшатли жиноят юзасидан йигирмага яқин жабрланувчи кўрсатма берди»


Бироқ болаларнинг меҳрибонлик уйи ходимларидан ташқари, хайр-эҳсон қилувчи «саховатпеша» инсонлар томонидан ҳам зўрланганлиги ноаниқлигича қолмоқда. Ҳозир Марғилондаги ҳайдовчилар, меҳрибонлик уйи ходимларининг қариндошлари, умуман, бу даҳшатли воқеадан хабари бор деярли ҳар бир одам шу ҳақда гапирмоқда. Тахминларган кўра, «саховатпеша» инсонлар ҳомийлик қилиш ниқоби билан яшириниб, ўзларига «ўлжа» танлаган. Айримларини меҳрибонлик уйи ҳудудида зўрлаган, бошқаларини эса бошқа жойларга олиб кетишган. Энг даҳшатлиси, улар орасида 8-9 (!) ёшдаги болалар ҳам бўлган.

Марғилондаги меҳрибонлик уйи бўйича кўп саволлар очиқлигича қолмоқда. Энг асосийлари: вазият ўзгарадими, шундоқ ҳам кўнгли ярим бўлган болаларга озор етказиш тўхтатиладими? Катталарнинг ахлоқсиз хатти-ҳаракати сабаб руҳияти бузилган болалар тақдири нима бўлади?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг