Асосий эътибор — муҳим нарсаларга
Ҳаётни севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт яралади, деган эди файласуфлардан бири. Дарҳақиқат, вақтнинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, қиёслаб ҳам бўлмайди. Аждодларимиз қолдирган улкан моддий ва маънавий мерос кишида улар вақтдан ўзиб кетмаганмикан, деган фикрни туғдиради.
Юксак даражада тараққий этган ахборот технологиялари асрида баъзан вақт зиқлигидан нолиймиз. Биздан беш-ўн аср илгари яшаган аждодларимизнинг шам ёруғида уддалаган оламшумул кашфиётлари, яратган бебаҳо санъат асарларини ўрганишга ҳам вақт қурғур имкон бермайди. Афсуски, компьютер олдида соатлаб ўтириш айрим ўғил-қизларнинг одатига айланиб бормоқда.
Мактаб ёшидаги болаларнинг компьютер экранига михланиб қолишлари уларнинг соғлиғи учун қанчалик зарарли бўлса, руҳий жиҳатдан ҳам шунчалик хавфлидир. Бола тарбиясига бефарқ қарамайдиган ҳар бир ота-она уларнинг таълим-тарбия олишлари, овқатланишлари, дам олишлари ва ҳатто ўйин ўйнашлари учун ҳам муайян вақт белгилаб бериши, ёшлигиданоқ уларга вақтдан унумли фойдаланишни уқтириб бормоғи керак.
«Ҳар қадамда интернет-кафе борлигига қарамай, болаларимизга уйда интернетга уланиш имкониятини яратиб берганмиз. Бу уларнинг вақтдан унумли фойдаланишларидакелмоқда», — дейди бир аёл.
Тўғри, бундай имконият болалар ўзлари ахтарган маълумотларни ҳеч бир тўсиқсиз олишлари учун етарли, албатта. Бироқ назоратсиз қолган болакай интернетга кириб «ўргимчак тўри»да хоҳлаганича сайр қилиши, истаган сайтга кириб турли беҳаё маълумотларни ҳам ўқиши, кўриши мумкин. Бу эса боланинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиб, унда жангарилик, ахлоқий бузуқлик, катталарга нисбатан ҳурматсизлик каби иллатлар пайдо бўлишига олиб келади. Шу ўринда ўғил-қизлар қўлидаги кўп функцияли уяли алоқа воситалари ҳам «бундай натижаларга кутилганидан ҳам тезроқ етиш»да «беминнат» хизмат кўрсатаётгани сир эмас.
Юртимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмунини ташкил этган юксак маънавиятли, баркамол инсонлар тарбияси бундай ҳолатлар рўй беришига йўл қўймайди. Маънавияти юксак фазандларгина қайси маълумотдан фойдаланиш лозимлигини ақл тарозусига солиб ҳал этадилар. Бунинг учун улар онгида маънавий бўшлиқ юзага келмаслигига эришиш, яъни умуминсоний ва миллий қадриятлар асосидаги таълим-тарбия орқали фарзандларимиз онгида соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришимиз зарур.
Шу ўринда бошқарув соҳасида машҳур мутахассис Стивен Ковининг машғулотларидан бирини эслаш жоиз. Бу машғулотда у стол тагидан 5 литрли шаффоф идишни олади ва муштдек келадиган бир неча тошларни олдига қўйиб: «Нима деб ўйлайсиз, шу тошчалардан нечтаси бу идишга сиғаркан?», деб сўрайди. Турли фикрлар айтилгач, идишга бир нечта тошни солиб тўлдиради. Кейин: «Энди идиш тўлдими?», деб сўрайди. Ҳамма унга тикилиб: «Албатта», дейишади. Шундан кейин идишга шағал солади. Стивен яна: «Энди идиш тўлдими?», деб сўрайди. Бу сафар ҳам улар «Энди, шубҳасиз, тўлди», деб жавоб беришади. «Яхши», дейди у ва идишга қум тўкади, табиийки қум ҳам тезда тош ва шағал ораларига сингиб кетади. Стивен яна сўрайди: «Энди идиш тўлдими?» «Бу сафар аниқ тўлди, энди унга ҳеч нарса солиб бўлмайди», дейишади аудиторияда ўтирганлар. Инструктор идишга бир литр сувни ҳам қуяди. «Хўш, буларнинг ҳаммаси нимани билдиради?», деб сўрайди у ниҳоят. Турли фикрлар айтилади. «Тўғри, ҳаётда доимо бўшлиқ мавжуд, уни тўлдириш учун ишлаш лозим бўлади, — дейди Кови. — Бу тажрибанинг бошқа муҳим жиҳати ҳам борки, агар мен катта тошларни биринчи бўлиб солмасам, идишда уларга жой қолмасди».
Бу оддий бир машғулот. Аммо унинг замирида муҳим ишларга асосий эътибор бериш билан бир вақтда, бола тарбиясида арзимасдек туюлган масалаларни ҳам назардан четда қолдирмаслик ғояси ётади.
Мақоламиз аввалида вақт масалаласи ҳақида фикр юритгандик. Ҳар бир ишда вақтдан унумли фойдаланмасак ёки вақтни беҳуда нарсаларга сарфласак умримиз ҳам юқоридаги тажрибада кўрсатилганидек, майда қумлар билан тўлиб қолади.
Толибжон Низомов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter