Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Арзон уй» учун тўлаган пулимни қайтариб олмоқчиман»

«Арзон уй» учун тўлаган пулимни қайтариб олмоқчиман»

Фото: «Xabar.uz»

Бугунги кенг миқёсли ўзгариш ва ислоҳотлар натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси кучайди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, янги ва арзон уй-жойга эга бўлаётган ёш оилаларнинг қувончи чексиз. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айнан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлашни кўзда тутади.

Бироқ сўнгги икки ҳафта ичида таҳририятга кўплаб юртдошларимиз қўнғироқ қилиб, қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетганидан нозозилигини билдирмоқда. Бунинг сабабларини таҳлил қилиб, одамларнинг дардини жамоатчиликка етказишимизни сўрамоқда. Ана шундай юртдошларимиз орасида Бобур Жонибеков ҳам бор.

— Хабарингиз бор, Президентимиз қарори билан пойтахтимизнинг Сергели туманида арзон уй-жойлар қурилмоқда, — сўз бошлади у. — Мен ҳам ўтган йили навбатга ёзилиб, уй олиш ҳуқуқини қўлга киритган эдим. Йил сўнгида биринчи тўловни ҳам амалга оширдим. Унда квартиранинг бир метр квадрати учун 2 миллион 841 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 48 миллион сўм бошланғич бадал тўлаганман. Бу тўловни амалга ошириш учун ойлигимдан орттириб йиққаним урвоқ ҳам бўлмади. Таниш-билишлардан қарз кўтаришга тўғри келди. Ҳартугул, ўз уйим бўлса, ижара пули тўламасам, қутулиб кетарман, деб ўйлагандим. Аммо чучварани хом санаган эканман.

— Нима, уйни бермайдиган бўлдими?

— Йўқ, муаммо умуман бошқа томонда. Яқинда бизга янги хабар келди. Унга кўра, «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК МЧЖнинг 2018 йил 29 майдаги хатларига асосан, биз олаётган уйнинг нархи 3 миллион 981 минг 697 сўм этиб белгиланибди. Шунинг учун биринчи тўлов нархи ҳам ошиб, қўшимча пул тўлашимиз талаб этилар экан. Кам таъминланган, кўп болали оилалар, ижарада яшаб, кунлик харажатини зўрға қоплайдиганлар шунча пулни қаердан топади?

Дарҳақиқат, Бобурнинг гапларида жон бордай. Ўз номи билан ижтимоий ҳимояга, уй-жойга муҳтож аҳоли учун қурилаётган хонадонларнинг нархи бунчалик кескин ошишининг сабаби нимада? Ҳисоблаб чиқилса, эндиликда бундай уйларнинг бошланғич бадали 100 миллион сўм атрофида бўлади. Нархлар ошгандан кейин нафақат биринчи тўлов, балки олинадиган кредит миқдори ҳам ортади. Қарабсизки, давлат ишида ишлаб, ойликка куни қолган одамлар бундай уйни орзу қилмаса ҳам бўлаверади. Аммо биринчи тўловни тўлаб қўйганларчи? Неча йилдирки сабр билан уйининг битишини интизор кутаётганларчи?

— Уйларнинг нархи ошиши бўйича бизга тегишли ташкилотдан хат келгани учун аҳолини хабардор қилдик, — дейди Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари мажмуаси бош мутахассиси Беҳзод Назаров. — Уйларнинг нархларини белгилаш алоҳида комиссия томонидан амалга оширилади. Бунга сабаб қурилиш моллари нархининг ошгани бўлса керак. Таҳлилларга кўра, бу йил қурилиш материаллари нархи 26 фоизга ортган.

Ҳокимлик мутасаддисининг берган маълумотига кўра, шу вақтгача туман комиссиясига 2 мингдан ортиқ ариза келиб тушган бўлиб, 1300 таси кўриб чиқилган. Шундан 748 та оилага уй бириктирилди. Уларнинг 238 таси айни пайтда янги уйларига кўчиб ўтиб, яшаб келмоқда. Бу йилги ҳисоб-китобларга кўра, туманнинг уй-жойга муҳтож аҳолиси учун 546 та хонадон ажратилган ва биринчи тўловлар тўланган.

Бу биргина тумандаги аҳвол. Аммо пойтахтнинг жами 11 туманини олиб қарайдиган бўлсак, яна неча минглаб аҳоли арзон уй-жойга эга бўлиш умидида тўловни амалга оширган. Нархларнинг кескин ошиши уларни ҳам ташвишга солгани бор гап. Чунки тўловлар ортгач, тўлов имкониятлари ҳам қайтадан ҳисобланиши керак. Уйга муҳтож бўлган билан уйли бўлиб қолди, дегани эмас. Етарлича маблағингиз бўлмаса, кўчада қолсангиз ҳам, ўн йиллаб ижарама-ижара сарсон юрсангиз ҳам фойдаси йўқ.

Аслида, арзон уй-жойлар нима учун бундай нархда берилади? Бунинг сабаби унда ишлатилаётган қурилиш ашёларининг аксарияти маҳаллий маҳсулотлар эканлигидир. Шунингдек, қурилишда ишлатиладиган техника ва бошқа қурилиш молларига давлатимиз томонидан божхона ва солиқ имтиёзлари берилган. Бу ҳам бинонинг таннархини туширади.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, янги қурилаётган уй-жойлар бошқаларига қараганда арзон, оддий аҳолининг сотиб олишга қурби етадиган даражада бўлмоғи керак. Аммо юқоридаги нархларни кўриб, бошқа турдаги уйлар билан деярли тенглашганига гувоҳ бўляпмиз. Ёки уларга берилаётган имтиёзлар олиб ташландими?

— Менинг қўшимча пул тўлашга барибир қурбим етмайди, — дейди Бобур суҳбатимиз сўнгида. — Биринчи қилган тўловимни қайтариб олмоқчиман. Аммо шунча кутганим, орзуларимнинг сароб бўлаётганига ачинаман. Яна шунча пул тўплаш учун қанча ишлашим кераклигини ҳисоблаб кўриб, ҳушим бошимдан учади. Бизнинг ҳам дардимизни тинглаб, ечимини топиб бера оладиган бормикан?..

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Тошшаҳар қурилиш инвест» билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо натижа чиқмади. Маълумот марказидан олган телефон рақамларини ҳеч ким кўтармади. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат йўлладик. Ҳокимликдан жавоб келгач, масалага яна батафсил қайтамиз. Ҳозирча эса мутасадди ташкилотлар масалага ўз муносабатини билдириб, Президентимизнинг хайрли ташаббуслари асосида ушалаётган орзулари армонга айланаётган минглаб одамларнинг дардини тўғри англашига умид қилиб қоламиз.

Бекзод Ибрагимов

«Жамият» газетасининг 2018 йил 6 июль сонидан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг