Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди

АҚШ Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) COVID-19 пандемиясига қарши кураш доирасида Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди. Ушбу маблағ дори воситалари сифатини таъминлаш ва мамлакатда вакцинага нисбатан ишончсизликни бартараф этиш учун юқори даражадаги техник ёрдам кўрсатишга сарфланади. Шу тариқа Қўшма Штатлар ҳукуматининг пандемияга қарши кураш бўйича кенг қамровли глобал чора-тадбирлари доирасида Ўзбекистонга ажратган кўмаги 16 миллион доллардан ошди.

«Ўзбекистонда тўлиқ эмланганлар сони аста-секин ўсиб бормоқда. Аммо пандемия ҳали тугамади – вирус бутун мамлакат бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва янги вариантлар глобал миқёсда доимий хавф туғдирмоқда. Пандемияга барҳам бериш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳаётларни сақлаб қолиш ва глобал иқтисодиётни тиклаш учун жуда муҳим», – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.

Пандемия бошланганидан бери USAID Ўзбекистон ҳукумати билан бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиб келди. Бунга тест синовлари ўтказиш учун миллий лаборатория тизимларини мустаҳкамлаш; лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекциянинг олдини олиш ва назорат қилиш; диагностика салоҳиятини кучайтириш, COVID-19 кузатувини ва тезкор жавобни ошириш; касаллик юқтирганларни даволашни такомиллаштириш; шунингдек, аҳолининг COVID-19 ҳақида хабардорлигини ошириш, жамоатчиликни жалб қилиш ва кўнгиллиларни сафарбар этиш кабилар мисол бўлади.

Жорий йил октябрь ойида ҳам АҚШ коронавирусга қарши курашиш доирасида Ўзбекистонга 800280 доза «Pfizer» вакцинасини ҳадя қилган эди. Ушбу ҳадя АҚШ ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1,1 миллиард доза вакцинанинг бир қисмидир.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда миссиясини очганини эълон қилди. Бунга қадар агентлик идораси Марказий Осиёдаги миссиянинг бир қисми сифатида фаолият кўрсатган. Қайд этилишича, мамлакатда тўлақонли миссия ташкил этилиши агентликка Ўзбекистон ҳукуматининг кенг кўламли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларини янада қўллаб-қувватлаш билан бирга хусусий бизнес, нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини кучайтиришига ҳисса қўшади.

USAID Ўзбекистонга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, қонун устуворлигини такомиллаштириш, миграция ва одам савдоси билан боғлиқ йўналишларда кўмак кўрсатиб келмоқда. Маълумотларга қараганда, Америка халқи USAID орқали 1993 йилдан бери Ўзбекистонга 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг