Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Антиқа табибнинг «шустрый» шогирди (Ҳажвия)

Антиқа табибнинг «шустрый» шогирди (Ҳажвия)

Мен машҳур табибга шогирдман. Устозим беморларни даволаса, каминанинг вазифам – уларга хизмат кўрсатиш. Қиладиган ишим кунлик қабул асосида мижозларни навбатга ёзиб, уларни кутиб оламан ва кузатиб қўяман. Иш жойим қабулхона бўлгани боис, агар эшик яхши беркитилмаган бўлса, ичкари хонада кечаётган суҳбат қулоғимга чалинади.

– Бир кунда неча соат ухлайсиз? – сўрайди устоз мижоздан.

– Ҳар хил, – жавоб беради у.

– Яхши эмас, – дейди устоз, – бир хил вақтда ухлаб бир хил вақтда туриш керак. Мен сизга дори ёзиб бераман, уни ичиб, кеч соат ўнда ётасиз ва эрталаб олтида уйғонасиз.

Мижоз чиқиб менга қоғозни узатади. Ундаги каравот расми ва неча кун дори ичиши керак бўлган рақамга қараб, қанча уйқу дори кераклигини аниқлайман ва ўзининг махсус идишидан олиб каравот расми ёпиштирилган оддий шиша банкага солинган доридан керакли миқдорини салафан халтачага солиб, мижозга узатаман.

– Бир кунда неча соат ухлайсиз? – деб сўрайди устоз навбатдаги мижоздан.

– Бир хил, – жавоб беради мижоз.

– Яхши эмас, – дейди устоз ачиниб. – Энди уйқу келганда ётиб, уйғонганда турасиз. Мен сизга дори ёзиб бераман. Уни кеч соат саккизда ичасиз ва қачон уйқунгиз келса ётасиз. Лекин эрталаб олтида туришга ҳаракат қилинг.

Бемор чиққанида қўлидан қоғозни олиб, олдинги беморга берган уйқу доридан керакли миқдорда салафан халтачага солиб, унга узатаман.

Тушдан кейин келган мижоз даволанишга кираркан, эшикни яхши бекитмагани учун ичкаридаги савол жавоб қулоғимга чалинади.

– Қандай овқатлар ейсиз? – савол беради устоз.

– Ҳар хил, – жавоб беради мижоз.

– Яхши эмас, – устоз танбеҳ беради унга, – Энди ўн кун эрталаб, тушликда ва кечки нонуштада сизга тавсия этиладиган овқат ейсиз. Овқатлар рўйхатини ёрдамчим беради.

Мижознинг вазнига қараб устоз унга қандай тавсия берганини биламан. Буниси – семиз. Демак, эрталаб сут маҳсулотлари, тушликда эзилган картошка, кечки таомга эса мева тановул қилиши керак. Агар ўн кун ўтиб қайтиб келса, озганини сезиш мумкин. Лекин бундайларнинг аксарияти қайтиб келмайди.

Навбатдаги мижозни кутиб оламан. У ичкарига кираркан, эшикни охиригача бекитмай, оҳиста ёпаман.

– Қандай овқат ейсиз? – сўрайди устоз.

– Бир хил, – дейди мижоз.

– Яхши эмас, – устознинг ачинган овози эшитилади.

Мижоз ориқ одамлигини назарда тутиб, у истеъмол қилиши керак бўлган овқатлар рўйхатини тайёрлаб қўяман. Ўйлаганимдек, ичкаридан чиққан мижоз мен кутган қоғозни қўлимга тутқазади ва узатган рўйхатимга тикиларкан, кўзлари катта-катта очилади. У энди бу овқатларни еса ҳам, емаса ҳам қайтиб келмаслиги аниқ. Чунки рўйхат бўйича харажатни анча-мунча одамнинг чўнтаги кўтармайди.

Бир куни устоздан кам ухлаганга кўп ухлашни, кўп ухлайдиганга кам ухлашни тавсия беришнинг сабабини сўрагандим, у киши бемор айтган гапнинг тескарисини қайтариши лозимлигини тушунтирди. Кейин бу савол менда қандай пайдо бўлганини сўради. Мен устозни алдаш яхши эмаслиги боис тўғрисини айтдим.

Эртасига у қабулхонадан ўз хонасига кириш эшигини икки қаватлисига алмаштирди. Бу ҳам камлик қилгандек, мижозни хонасидан қабулхонага кузатиб қўяр ва навбатдаги мижозни хонасига таклиф этаркан, иккала эшикни ҳам намойишкорона тарзда қаттиқ ёпиб қўядиган бўлди. Мен бундай эҳтиёткорлигидан заррача ўкинганим йўқ. Чунки устознинг маҳоратини миридан-сиригача эгаллаб бўлганман. Шустрий бўлиш керак-да ахир! Ўзим алоҳида иш бошласамми деб турибман. Ижарага офис топсам, келаверасизлар.

Бошида арзон бўлади! Келаверасиз!..

Хуршид Нуруллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг