Андижонда янги ГЭС ишга тушди
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қайта модернизация қилинган Шаҳрихон гидроэлектростанциялар каскади таркибидаги Жанубий Фарғона канали ГЭС1 станцияси фойдаланишга топширилган.
Ушбу ГЭС 1956 йилда Жанубий Фарғона каналининг ўнг қирғоқидаги ПҚ 144+00 белгиси ҳудудида қурилган. Унинг вазифаси ЖФКда оқиб келаётган сувни керакли миқдорда деривация канали орқали ГЭСга ўтказишдан иборат. Деривация канали сониясига 26 м.куб сув қабул қилиш қобилиятига эга. Сўнгги маротаба 1978-1979 йилларда реконструкция қилинган.
— Модернизациянинг асосий мақсади ГЭСнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш, электротехник, гидромеханик ва гидротехник қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлашдан иборатдир, — деган «Гидролойиҳа» акциядорлик жамияти директор ўринбосари, лойиҳа бош муҳандиси Сафар Холмўминов. — Лойиҳанинг умумий қуввати 2,2 МВт бўлиб, йиллик ўртача электроэнергия ишлаб чиқариш 17,1 млн. кВт.соатга тенг. Бу ўртача тўққиз ярим мингдан ортиқ аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаши, шубҳасиз.
Жамият матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ГЭСда модернизация ишлари ўтган йилнинг январь ойида бошланган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 5,81 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш учун 2018 йилда эълон халқаро тендер савдолари эълон қилинган.
Расмий очилиш маросимидан сўнг рамзий тугма босилиб, ГЭС каскади ишга туширилган ва энг илғор технологик ускуналар ёрдамида гидроэнергетик иншоот дастлабки киловаттларни ишлаб чиқара бошлаган.
Шунингдек, тадбир доирасида АЖ томонидан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 23 нафар фарзандларига хатна тўйлари ўтказилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter