Андижонда 15 нафар шахс озодликка чиқарилди
Ўтган ҳафта Андижон вилоятида оммавий сайёр қабуллар уюштирилди. Республика раҳбарлик идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари иштирокида ўтган тадбирларда фуқароларнинг қатор муаммоларига ечим топилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков бошчилигида олий маҳкама судьялари томонидан қабулларда жами 101 нафар фуқаро қабул қилинди.
Олий суд матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, мурожаатларнинг 41 таси жиноят, 21таси фуқаролик, 38 таси маъмурий, 3 таси иқтисодий судларга тааллуқли бўлди. Жами мурожаатларнинг 68 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 33 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. 16 та мурожаат Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал қилиш учун тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Эътиборлиси, сайёр қабулларда жами 15 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. Бундан ташқари 4 нафар шахсга нисбатан юритилган жиноят иши томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди. Шунингдек, икки нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар бўйича уларнинг аризаси қаноатлантирилиб, улар ҳам маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.
Ишларни кўриб чиқиш жараёнида карантин қоидаларига қатъий риоя қилингани алоҳида таъкидланади олий маҳкама матбуот хизмати ахборотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter