Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Андижон ҳокимининг ваъдаси ваъдалигича қолди» — тадбиркорлар нимадан норози?

«Андижон ҳокимининг ваъдаси ваъдалигича қолди» — тадбиркорлар нимадан норози?

Президент томонидан 21.04.2021 йилда «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланганди.

Қарор билан масъул вазирликлар ва ҳокимликларга Ёшлар саноат зоналари ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг объектлари фойдаланишга топширилгунга қадар зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини ҳамда мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, уларга талаб этиладиган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш вазифаси юклатилганди.

Андижон шаҳар Ёшлар саноат зонасидаги тадбиркорларнинг «Xabar.uz»га мурожаат қилишича, уларга ер ажратилаётганда Андижон вилояти ҳокими ҳамма инфратузилмалар бўлади, деб ваъда қилган. Лекин 1 йилдан ошса ҳамки, ҳали-ҳануз ҳеч нима тугалланмаган. 

Тадбиркорлар мурожаатида муаммолар бирма-бир саналиб ўтилган, уни асл ҳолича тақдим этамиз:

Электр энергияси муаммоси. Бизга ер ажратишаётганда, 3 дона 630 ТП (трансформатор қурилмаси) берилади дейилганди, лекин 1 дона 630 ТП ўрнатилди. Қачон ёғингарчилик ёки қаттиқ шамол бўлса свет ўчади. Саноат зонаси бўлганидан кейин, тадбиркорга зарур шароитларни биринчи навбатда ҳал қилиб қўйиш керак эмасмиди?

Андижон шаҳар ёшлар саноат зонасида жами бешта кўча мавжуд, бизга фақат трансформаторлар ўрнатиб берилади, қолганини тадбиркорлар ўз маблағидан сим, столба олиб тортади, дейишди. Биз ҳам ишларимиз тезроқ ҳал бўлсин деб, ҳар бир кўчада еттитадан тўққиз донагача столба ва симларни ўз ҳисобимиздан олиб қилдирдик, лекин барибир бир дона трансформатор ўрнатиб кетишди ва свет барибир учяпти! Баъзида кунлаб электр бўлмаяпти.

Газ масаласи. Саноат зонасига газни ҳам ўзимиз тортдик. Атига 100 метр трубани ва улаб бериш хизматини бўйнига олишди, лекин ҳар бир кўча учун 220 метрдан ошиқроқ трубани ўзимиз олиб қилдик. Ер ажратишдан олдин бизга фақат эшигимиз олдидан ўзимиз улаб олишимизни айтишганди.

Сув муаммоси. Тўғри, сувни ўзлари тортиб беришди. Лекин сув босими жуда паст! Сувни тортган 1-2 жойларида ёриқлар пайдо бўлиб, сув исроф бўляпти.

Канализация муаммоси. Бу ҳозирча мавжуд эмас, қачон бўлиши ҳам номаълум.

Йўл муаммоси. Саноат зонага пиёда кириб булмайди. Аҳвол жуда ёмон, ёмғирли кунларда ҳамма жой лой бўлади. Ўзимиз шағал қилдик лекин, лекин барибир кимдир асфальт қилиши керак-ку!

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркор фойда уёқда турсин, харажатини ҳам чиқара олмаяпти. Фақат зарарда, бу саноат зонасида, ҳар хил турдаги ишлаб чиқарувчилар бор ва ҳаммаси зарарда.

Мисол учун, кондитер цехларда электр бўлмаса, маҳсулотлар исроф бўлади ва уни қайта тайёрлаб бўлмайди. Пластмасса ишлаб чиқарувчида электр бўлмаса, ускуна кескин ҳарорат тушиши натижасида иситиш жиҳозлари ва маҳсулотига катта зарар етади. «Дробилка» цехида свет ўчиб қолса, пичоқларига зарар етади ва тадбиркор қийин ҳолатда қолади. Ва ҳоказо...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг