Аляскадаги муз кўприги, ғам-ғуссага ботган Линкольн ва муваффақиятнинг оддий сири
Армия муҳандислари Аляскада кўприк қурилишини тугатиш арафасида саросимага тушиб ишлар эдилар. Дарёни музлик шунчалик қоплаган эдики, кўприкнинг марказий таянчини тезроқ ўрнатишмаса, музнинг катта бўлаклари кўчиб, қурилиш чиппакка чиқиши мумкин эди...
Кўприк учун пўлат таянчлар ясаладиган завод Пенсильвания штатида бўлиб, уни келтириш жуда кўп вақтни талаб қиларди. Иш тугаши арафасида ниҳоятда ёмон об-ҳаво таянчни олиб келишни ортга сурар, қурилишни поёнига етказиш учун эса бир неча кун қолган эди. Иссиқ иқлим яқинлашарди.
Ниҳоят таянчни етказиб келишди. Уни керакли ҳолатда ўрнатишди, аммо... маълум бўлдики, таянч зарур бўлганига нисбатан бир неча дюйм калта экан.
Шундай қилиб, завод жуда узоқ, бир неча минг миль нарида, вақт эса кутиб турмайди. Жуда ноқулай вазият, шундай эмасми? Аммо катта тажрибага эга, соғлом фикрловчи, лидерлик салоҳиятига эга инсон учун бу ташвишли ҳолат эмасди.
Юқоридаги сифатларга эга бўлган армия муҳандиси зудлик билан заводга қўнғироқ қилди ва тегишли узунликдаги таянч тайёрлаш бўйича гаплашиб олди. Заводда ҳам лидерлик сифатига эга одам топилди, бундай вазиятда «иложи йўқ» деган сўз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди.
Таянчлар рекорд даражадаги қисқа муддатда тайёрланди ва иккита экспедитор ҳамроҳлигида Аляскага жўнатилди. Улар махсус ҳужжатга эга бўлиб, бу юкларни тезлик билан етказиб беришлари учун кечаю кундуз йўл очиқ эди.
Пўлат таянчлар Аляскага етиб келди. Қарангки уларни кўприкка вақтинчалик таянч бўлиб турган муз кўчишига уч дақиқа қолганида ўрнатиб улгуришди. Шундан кейин муз ёрилиб, жойидан қўзғалди. Айтиш мумкинки, улкан муаммони бартараф этиш учун амалга оширилган операцияда фақат аниқ фикрлайдиган одамлар раҳбарлик қилибгина қолмай, балки индамай турган шерик ҳам кузатди. У ҳамиша одамларга ёрдам қўлини чўзиб келади, уларнинг истакларини билади, қатъият билан ишга киришади.
Муайян-аниқ мақсадга эга одамларга коинотнинг тутқич бермас қонунлари кўринишидаги кучлари ёрдамга келади гўё. Бу кучлар бизнинг дунёга ҳам тарқалган бўлиб, шу нуқтаи назардан қараганда, чек-чегарасиз мўъжаз миқдорни англаш мумкин.
Аврам Линкольннинг буюклиги нимада? У муаммоларга юзма-юз турар, бу митти одам учун бутун дунё гўё қоронғилик қаърида қолгандай бўларди. Болалигидан ғам-ғусса, мағлубият ва омадсизликларни бошидан кечиргани боис ақл-заковати ўрта ёшли кишига қараганда бир неча баробар устун эди унинг.
Линкольн оғир ва муҳтожлик тўлиб-тошган вазиятларда курашдан асло чекинмаган. У бутун иродасини, бор кучини ишга соладиган нодир қобилият соҳиби эди.
Бундай феъл-атвор ҳақиқий эркак ва аёлларга хосдир. Ҳар қандай инсон муваффақиятсизликка учраганида барчасига қўл силтаб кетиши ёки ўз олдига қўйган мақсадини қайта кўриб чиқиши мумкин. Одатда, кўпчилик ўзини ана шундай тутади. Балки шунинг учун ҳам ҳаётда муваффақиятсизликлар шунчалик кўп, омад эса шунчалик камдир?
Сиз ойнага қараганингизда, ўзингизнинг туб моҳиятингизни англашингиз мумкин эмас. Чунки кўзгуда фақат моҳятингиз «яшаётган» уйни кўрасиз, холос. Агар ҳаётда муваффақият туғини баланд кўтаришга уринсангиз, қиёфангизнинг кучли ва курашчан томонларини билиб, у билан яқиндан танишишингиз керак. У сизнинг қиёфангизда мавжуд, унда курашчи «мен»ингиз бор. У сиз учун олмоқчи бўлган барча ҳаёт қувончларини, барча моддий бойликларни, зарур руҳий ҳаловат ва бахт-саодатни бахш этади. У танангизни хасталиклардан қутқаради.
Бу кўринмас модда, сизнинг курашган «мен»ингиз вужудингизда яшар экан, жуда катта аниқлик билан унга берган барча кўрсатмаларингизни адо этади. Аммо шунга қарамай, сиз ташаббус кўрсатиб, ҳаётдан нимани исташингизни унга англатишингиз керак. Мана шу «мен»нинг кўзларига сиз томондан барча ваколатлар берилган. Шунингдек, сиз уни ўзингиз танлаган ҳаракатларга йўналтириш учун имтиёзлар берган агентдан иборатсиз.
Одамларнинг бир авлодида иложи йўқ нарсани амалга оширадиган кўпгина даҳолар етишиб чиқмайди, аммо улар орасида ўзининг курашчан «мен»и билан алоқа ўрнатган, унга тўлиқ ишонган, муайян мақсадни амалга оширишга йўналтирган битта одамни албатта топасиз.
Мен муваффақият қозонган эркак ва аёлларни излаб, улар билан танишиш шарафига муяссар бўлганман. Бу инсонларни ХХ асрнинг иккинчи ярми юзага чиқарди. Уларнинг ҳар бири ўзининг курашчан «мен»лари ёрдамида муваффақиятга эришган.
Хуллас, ўзингизнинг курашчан «мен»ингизни эгалланг ва у сизларни тўғри йўлга бошлайди, муваффақиятга элтади. Ишонинг, сиз у орқали эгаллашни орзу қилган ҳар қандай юксакликни забт этиб, улкан зафар қозонасиз.
(Наполеон Хилл китобидан)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter