Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Александр Матросов… ўзбек ўғлони бўлганми?

Александр Матросов… ўзбек ўғлони бўлганми?

Номи Иккинчи жаҳон уруши тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган Александр Матросов ким, қайси мард отанинг фарзанди бўлган?..

Фото: «rg.ru»

1943 йилнинг қаҳратон қиши. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида совет давлати ва совет ижтимоий тузумининг қисмати ҳал бўлаётган кунлар. Олаётган нафасингиз ҳам музлаб қоладиган қиш бўлганига қарамай, аҳоли яшайдиган ҳар бир даҳа, ҳар бир кўприк, ҳар бир уй учун ҳаёт-мамот жанги кетаётган, душман отаётган ўқ ва снарядлар ёмғиридан чўчиб, окопдан бошини кўтара олмай қолган жангчилар олға ундалаётган, жанговар буйруқни бажармаган жангчилар эса шу заҳоти отиб ташланаётган қиёмат қойимдан иборат дақиқалар, соатлар, кунлар…

Фронтга ўз хоҳиши билан борган бошқа курсантлар қатори Александр Матросов ҳам 1943 йил январида жанг майдонига киради. У шу йилнинг 15 февралидан бошлаб 91-алоҳида Сибир кўнгилли бригадасининг 2-алоҳида ўқчи батальони таркибида ҳарбий хизматни ўтай бошлайди. 1943 йил 27 февралда Иккинчи жаҳон уруши тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган жанговар воқеа рўй беради. Шу куни батальон Псков вилоятининг Черёмушки қишлоғи яқинидаги таянч пунктни эгаллаш учун ҳужумга ўтади. Жангчилар ўрмондан чиқишлари биланоқ пулемётлардан отилган ажал ёмғирига дуч келадилар. Ўқ қишлоқ йўлини тўсиб турган немисларнинг учта дзоти – учта пулемёт ўрнатилган истеҳкомдан тинимсиз тариллаб отилиб турарди. Душманнинг ўт сочаётган нуқталарини яксон қилиш учун икки кишидан иборат ҳужумчи гуруҳлар юборилди. Кўп ўтмай икки дзот ер билан яксон этилди. Учинчи пулемёт эса қишлоққа кираверишдаги жарликни ўққа тутишда давом этарди. Бу пулемётнинг «овозини ўчириш» учун душман томонга оддий аскарлар — Александр Матросов билан Пётр Огурцов эмаклаб кетишди. Душман ўқи Огурцовга теккач, Матросов вазиятни қўлига олиб, ўқ ёғилаётган томонга иккита гранатани улоқтирди. Ҳайтовур, пулемётнинг «овози ўчди». Аммо кўп ўтмай пулемёт яна «тилга киради». Истеҳкомга яқинлашиб қолган Матросовда фақат битта имкон қолди — у пулемёт ўқлари учиб чиқаётган жойга — амбразурага шартта ўзини ташлади!

Матросовнинг бу жасорати билан батальон олдига қўйилган жанговар топшириқ тўла бажарилди — батальон душманнинг қаршилигини енгиб, ҳужумга ўтди! Бу мислсиз жасорати учун 1943 йил 19 июлда қизил аскар Александр Матросов (ҳалок бўлганидан кейин) Совет иттифоқи қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

Матросовнинг бу тарихий жасорати уруш йилларида кўп тарғиб ва ташвиқ қилинди. Унга бағишланган юзлаб шеърлар, очерклар, мақолалар ёзилди. Шу жасорат ва унинг тарғиботи таъсирида 1941 — 1945-йиллардаги урушда 500 дан зиёд жангчи Матросов жасоратини такрорлади.

Шу нарса ғаройибки, Матросов жасоратини «такрорлаган» жангчилардан бири хўжандлик ўзбек йигити Тўйчи Эрйигитов бўлиб, у Матросовдан олдин душман дзотини ўз бадани билан ёпиб, қуролдош ўртоқларининг зафарли ҳужумга ўтишларига шароит яратган эди.

Номи Иккинчи жаҳон уруши тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган Александр Матросов ким, қайси мард отанинг фарзанди бўлган?..

Яқин-яқингача совет халқи фақат бир нарсани билган, холос: Александр Матвеевич Матросов 1924 йил 5 февралда Екатеринослав шаҳрида туғилган. Дастлаб Ульянов вилоятининг Мелексек ва Иваново шаҳарларидаги болалар уйида, кейин Уфа шаҳридаги болалар меҳнат колониясида тарбияланган. Шу ердаги мактабнинг еттинчи синфини тугатганидан сўнг колония тарбиячисига ёрдамчи бўлиб ишлаган. Уруш бошланган кунларда 17 яшар навқирон йигит Александр Матросов фронтга кўнгилли бўлиб бориш учун бир неча марта ариза ёзган. Ниҳоят, 1942 йил сентябрида у ҳарбий хизматга олиниб, Оренбургдаги пиёда аскарлар билим юртига ўқишга юборилган.

Айрим манбаларда Бошқирдистоннинг Кунакбаево (Қўноқбой) қишлоғида туғилган Шокирзян Юнусович Муҳамедёнов Матросовнинг отаси сифатида тилга олинади. Александр гўё отаси иккинчи марта уйланганидан сўнг уйидан қочиб кетиб, Уфа шаҳридаги болалар меҳнат колониясига бориб қолган. Бошқа бир манбада ёзилишича, Матросов Ставропол уезди Саратов губернияси(ҳозирги Ульянов вилояти)нинг Високий Колок қишлоғида туғилган; эри вафот этганидан сўнг уруш йилларида уч фарзанди билан қолган онаси ноиложликданми ё бошқа сабаб биланми, Александрни Мелексек қишлоғидаги болалар уйига берган.

Матросовнинг кимлиги, кимнинг фарзанди эканлиги масаласига оид аниқ маълумотнинг йўқлиги ҳар қандай кишида бундай мулоҳазани уйғотиши табиий: демак, у ночор оилада туғилган ва у болалар уйига топширилган вақтда отаси бўлмаган. Одатда шундай болалар ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб болалар уйидан паноҳ топганлар. Александр Матросовнинг ҳам отадан етим қолган шундай болалардан бири эканлиги шубҳасиздир.

Яқинда қутлуғ 90 ёшини нишонлаган атоқли олим, фалсафа фанлари доктори Қўчқор Хоназаров ажойиб ҳаёт йўлини босиб ўтган. Ўзбек ёшларидан биринчи бўлиб Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тугатган Қўчқор ака Иккинчи жаҳон урушида жангчи сифатида қатнашиб, бир неча марта оғир жароҳат олган, мамлакат ичкарисидаги бир нечта ҳарбий госпиталда ётган. Шундай пайтлардан бирида бўлса керак, у Матросовнинг ота-онаси тўғрисидаги «миш-миш»лардан яна бирини эшитган. Қўчқор аканинг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Ҳақиқатни билишнинг олис йўли» («Долгий путь познания», 2017) китобида у бизни қизиқтирган масала бўйича шундай маълумот берган:

Бошқирдистон пойтахти Уфадан ўнлаб километр нарида ёш бошқирд-татар оиласи яшаган. Бу оилада ота ва онадан ташқари, уларнинг беш яшар фарзанди — ўғли ҳам бўлган. Она касалликка чалиниб, вафот этган. Хотинсиз қолган эр иккинчи марта уйланган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ишлагани учун бола қаровсиз қолган. Улар ўйлаб-ўйлаб, беш ёшли болани болалар уйига бериб, ҳукумат қаровига ўтказишни маъқул кўришган. Боланинг исм-фамилияси болалар уйида ишлаган рус аёлларига ғалати кўринган. «Болалар уйидаги ҳамма болалар Коля, Миша, Андрюша сингари таниш исмлар билан аталган бир пайтда бу янги болани Шукурзян Мансурзянов дегунча оғзимиз қийшайиб кетади. Шукурзянни Шурик дея қолайлик. Мансузяни нимаси? Мансурзян бўлди нима-ю, Матросов бўлди нима?..», – дейишган. «Қайтага Матросов сўзининг жаранглашини қаранг! Матросов-а!!», – дейишган аёллар. Шу-шу, болалар уйига янги келган бола Александр Матросов бўлиб кетган.

Бу версия муаллифи Қўчқор Хоназаровнинг фикрига кўра, Шукурзян Мансурзянов — Александр Матросов бошқирд-татар йигитидир.

Атоқли олим, тарих фанлари доктори Ҳамид Зиёев узоқ йиллар мобайнида Сибирдаги илмий марказ ва архивларда ишлаб, Сибир ва Волгабўйидаги ўзбеклар тарихи бўйича ўнга яқин китоб эълон қилган. Бу китоблардан маълум бўлишича, ўртаосиёликлар ХII-ХIII асрлардаёқ савдо карвонлари билан Сибирга борганлар. Кейинчалик турли тарихий воқеалар бухоролик, тошкентлик ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларида яшаган ўзбекларнинг Сибирга кўчиб боришлари ва «сибирлик ўзбеклар» этнонимининг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Бу жараён Ўрта Осиё Россия империяси қўшинлари томонидан забт этилганидан кейин ҳам давом этган. Чор маъмурияти ҳам, совет ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам нафақат минглаб кишилар, ҳатто минглаб оилаларни Сибирга сургун қилганлар.

Ҳамид Зиёев «Сибир, Волга ва Урал бўйидаги ўзбеклар» (Т., 2003) китобида ўзбекларнинг Сибир кенгликларига бориши тарихига оид қизиқарли маълумотларни бериб, бундай хулосани айтган:

«ХХ аср бошларида бухороликлар ва тошкентликларнинг татарлар билан алоқаси янада кучайиб кетди. Татарлар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этганлиги туфайли Сибирдаги бухороликлар мактаб ва олий ўқув юртларида татар тилида маълумот олдилар. Дарсликлар, қўлланмалар, газета ва журналлар ҳам татар тилида нашр этилган. Шунинг учун ҳам бу ердаги бухороликлар ва тошкентликлар ўз она тилини маҳаллий тил, татар тилини эса адабий тил ҳисоблайдилар…

…Кейинги юз йил давомида Сибирдаги бухороликлар ва тошкентликлар ота-боболарининг асл ватани бўлган Ўрта Осиё билан алоқа қилмай қўйдилар. Чунки улар Сибирнинг ҳақиқий маҳаллий аҳолисига айланиб кетди. Пировардида ўзбеклар тил ва урф-одатлар жиҳатидан бир-бирига анча яқин бўлган татарларга қўшилиб кетдилар».

Бу сатрлардаги «татарлар» сўзи ёнига «бошқирдлар» сўзини ҳам қўшсак, тўғрироқ бўлади. Бу икки миллатни бир-биридан ажратадиган миллий белгилар бўлишига қарамай, улар тил нуқтаи назаридан ҳам, урф-одатлар нуқтаи назаридан ҳам бир-бирига ғоят яқин. Ана шу икки миллат билан ассимиляцияга киришган бухоролик ва тошкентликлар орасида Шукуржон ва Мансуржон исмлари оз бўлмаган. Бу киши исмларининг ўзбек ва татар-бошқирд тилларининг яқинлашиши (ассимиляцияси) натижасида Шукурзян ва Мансурзян бўлиб кетган бўлиши табиий. Шундай экан, ўзбек ўғлони Шукуржон Мансуржонов тақдир тақозоси билан Александр Матросов бўлиб кетган десак, балки хато бўлмас.

Ҳар ҳолда бу масалани чуқурроқ ўрганиш тарихчи олимлар олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

Наим КАРИМОВ, ЎзФА академиги

Манба: ishonch.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг