Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Акмал Бурҳонов салкам бир соат «нафас олмай» гапирди

Акмал Бурҳонов салкам бир соат «нафас олмай» гапирди

Бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қатор оммавий ахборот воситалари ходимлари  ва блогерлар иштирок этган тадбирда янги ташкил этилган агентлик томонидан ўтган икки ой давомида амалга оширилган ишларҳамда келажак режалар ҳақида сўз юритилди.

Агентлик директори Акмал Бурҳонов «тўлиб» юрган экан, салкам бир соат давомида «тўкилиб-тўкилиб» гапирди. Гапиргандаям  тўхталишларсиз (паузасиз), таъбир жоиз бўлса, «нафас олмай» сўзлардики, бундан иштирокчиларнинг пешонаси тиришмади,  эсноқ тутганлар ҳам бўлмади ҳисоб.

Айтдики:

1

...коррупция иллати бу дунёда энг илдиз отган глобал муаммолардан бири ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра коррупция жаҳон иқтисодиётига йилига 2.6 триллион АҚШ доллари зарар келтирмоқда. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам коррупцияга тўлиқ барҳам берилмаган. Афсуски, Ўзбекистонда бу масалада вазият жуда жиддий. Биргина Transparency international халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 давлат ичида 153 ўринни эгаллагани ортиқча изоҳни талаб этмайди.

2

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 29 июнь куни  «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган адоҳида орган – Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилди. Бу мамлакатимизда мазкур иллат билан Давлат даражасида курашишга астойдил бел боғланганини англатади. Буни нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки, халқаро ҳамжамият ҳам жиддий сиёсий ирода сифатида қабул қилишмоқда.

Президентнинг мазкур фармони билан Агентлик зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган.

3

Ушбу вазифаларни амалга оширишни тизимли йўлга қўйиш мақсадида агентлик бир қатор ташкилий-ҳуқуқий ва амалий чораларни кўрмоқда. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, ҳаммамизга маълум – Ўзбекистон 2008 йилда БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясига аъзо бўлган. Мазкур конвенцияда унга аъзо давлатларга бир қатор мажбуриятлар юклатилган. Хусусан, Конвенциянинг 6-моддасида ҳар бир иштирокчи-давлат тегишли давлат сиёсатини олиб борадиган, назорат қиладиган ва мувофиқлаштирадиган мустақил орган ташкил этилиши белгиланган.

Мазкур конвенция имплементациясини ўзаро баҳолаш мақсадида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи доирасида Истанбул ҳаракатлар режаси мониторинги тизими мавжуд (ушбу субрегионал дастур 2003 йилда тузилган, Ўзбекистон 2010 йилда қўшилган).

Мазкур дастур доирасида Ўзбекистонда 2015 йилда ўтказилган 3-раунд мониторингида Ўзбекистонга 23 та тавсиялар берилган, 2019 йилда ўтказилган 4-раунд мониторинги натижаларига кўра, Ўзбекистонда мана шу 23 та тавсиядан фақатгина 3 таси тўлиқ бажарилган10 таси қисман бажарилган.

Агар мана шу тавсияларнинг барчаси тўлиқ имплементация қилинса, соҳада сезиларли ўзгариш бўлади.

4

Президент Фармони талабларидан келиб чиқиб, Агентлик ходимларининг таркибини юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассислар, биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга шахслар орасидан тўлдирилишига эътибор қаратилди. Жами 30 нафар лавозимга танлов эълон қилинди. Танловга республиканинг барча ҳудудларидан жами 13 минг 186 та аризалар келиб тушди.Беш босқичда амалга оширилган танлов якунларига кўра, 10 нафар номзод ишга қабул қилинганидан хабардорсиз. Шу билан бирга конкурсдан ўта олмаган  кадрлар, шу жумладан тест синовларида иштирок этган барча номзодларни Агентликнинг кадрлар захирасига киритиш таклиф қилинди.

5

Коррупцияга қарши кураш мураккаб жараён. Бу «жанг»да етарлича «қуролланнмай» туриб ғалаба қозониш имконсиз.  Шунинг учун ҳам агентлик тўлақонли чоралар кўриши, у ёки бу вазифаларни бажариши, турли масалаларга муносабат билдириши, реакция қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва пойдеворга эга бўлиши муҳим ҳисобланади. Агентлик томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, шу жумладан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Ва бу лойиҳаЎзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) орқали жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Мана, бир ҳафта ўтиб, 6 октябрь ҳолатига қонун лойиҳаси билан 2500 га яқин фуқаро танишиб чиққан, 40 га яқин фикр, мулоҳаза  ҳамда таклиф ва тавсияларини беришган. Бу рақамлар кенг жамоатчиликда қонун лойиҳасига катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.

6

Коррупциянинг олдини олишда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини инобатга олиш жуда муҳим. Алоҳида кераккки, кўпгина вазир ва ҳокимларимиз ҳам коррупциоген омиллар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни ноқонуний эканини англаб етмаяпти. Бир тизим доирасида яқин қариндошларнинг раҳбар лавозимларини эгаллаши, давлат харидлари амалга оширилганда ташкилот раҳбарининг яниқ қариндошлари (ака-ука, ота-ўғил ва бошқа) ўртасида тузилаётган шартномалар бунга яққол мисол бўла олади.

Давлат харидлари билан боғлиқ қинғирликлар ҳеч кимга сир эмас. Давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизими йўлга қўйиш уни мониторинг қилиш, самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича  АҚШ бизга ўз кўмагини таклиф этаяпти.

7

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллик кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди.

2020 йил 20 августда Миллий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда коррупцияга қарши курашишнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган  Миллий стратегия ишлаб чиқиш белгиланди. 

Кенгашнинг биринчи йиғилишида соғлиқни сақлаш  ва давлат харидлари тизимларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган эди. Бугунги кунда иккала соҳада алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш бошланди.

Шунингдек Миллий кенгаш томонидан агентлик ҳузурида Жамоатчилик кенгаши тузиш тавсия этилган эди. Ҳозирда бу йўналишда ҳам амалий ишлар бошланди. Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик Палатаси депутатлари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган 10дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида маслаҳат учрашуви ўтказилди. Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашини тузиш бўйича ННТ вакилларидан иборат комиссия тасдиқланди. Яқин кунларда комиссия томонидан Жамоатчилик кенгаши аъзолигига қабул қилиш тартиби эълон қилинади.

8

Ўрни келганда такидлаб кетиш керак. Ҳар қандай фаолиятнинг ташқаридан кўринадиган ва кўринмайдиган қисмлари бўлади. Агентлик янги экани сабабли, ҳозирча ташкилий масалалар кўпроқ этибор талаб қиляпти.  Мустаҳкам асосга эга бўлган ташкилотгина коррупцияга қарши самарали фаолият юрита олади.

 9

Пировардида, агентлик директори ташкилот ўз фаолиятини очиқ, ошкора ва шаффоф олиб бориш ва бунда ОАВ ва блогерлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги билдирди. Сўнг оммавий ахборот воситалари ходимларининг қатор саволларига жавоб берди.

Тадбирнинг савол-жавоб қисми ҳақида кейинги хабарлар маълум қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг