Афғонистондан Ўзбекистон орқали наркотик оқими ортди
Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишлар кўпайган. Бу ҳақда ШҲТга аъзо давлатларнинг гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича ваколатли органлари раҳбарларининг 12-мажлисида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев маълум қилди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.
«Афғонистондан шимолий йўналиш орқали гиёҳванд моддалар савдосининг ҳажми ошмоқда. Айниқса, минтақа мамлакатлари билан фаол интеграция жараёнлари фонида уларнинг ҳудудлари орқали асосий гиёҳванд моддаларнинг оқими ортмоқда. Хусусан, Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишлар кўпайгани кузатиляпти», — дейди Олим Нарзуллаев.
Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда 2020 йилга нисбатан гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар 18,4 фоизга ошган. Яъни бундай жиноятлар ўтган йили 7 142 тани ташкил этган.
Ўтган бир йил ичида мусодара қилинган гиёҳванд моддалар ҳажми 1 минг 864,4 килограммга тенг бўлган. Бу кўрсатгич 2020 йилга нисбатан 20,9 фоизга кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Толибон» Афғонистонда кўкнори етиштиришни тақиқлаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter