Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АЭС ва саноат қуёш электр станциялари

АЭС ва саноат қуёш электр станциялари

Фото: chernobylguide.com

Бизда иккита 1,2 гигаватлик реакторли АЭС қуришмоқчи. АЭСнинг ютуқларини ҳамма билса керак.

Экологик муаммоларни гапирмай, иқтисод томондан ҳисобласак қандай бўлади? Қуёш энергиясини электрга айлантириш ҳақида нима биласиз? АЭС билан солиштирсангиз-чи?

Хитой қуёш панеллари 5,5 м2 ерда 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир, бу ўрта ҳисобда. Қуёш панеллари қуёшдан тушадиган энергиянинг 16-17 фоизини электр энергиясига айлантира олади. Ёзда Ўзбекистон ҳудудида қуёш энергиси 1 м2га 2 киловаттгача тушади, демак ёзда 1 м2дан 2 х 0,16 = 0,320 киловатт электр энергияси олса бўлади. 1 га.да 10 000 м2 ер бор. Демак, 10 000 м2 х 0,320 = 3200 киловатт ёки 3,2 мегаватт электр энергияси олиш мумкин. Қишда қуёш энергияси 2 баравар кам тушади деб ҳисобласак, 1 га ерда 1,6 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилиши мумкин.

Бизда АЭСда 1200 мегаваттлик 2 та турбина қўймоқчи, демак 1 соатда 2400 мегаватт энергия ишлаб чиқарилади. Бунинг учун 1 суткада 1 884 000 м3 сув керак. Бу сув сақланиши учун қанақа миқдорда кўл бўлиши кераклигини ўзингиз ўйланг.

Соатига 2400 мегаватт энергия ишлаб чиқариш учун қанча ерда қуёш панеллари қўйиш керак?

2400/1,6 = 937,5 га ерда.

Агар қуёш ҳамма вақт йўқлигини эътиборга олсак-чи?

937,5 га х 3 = 2812,5 га.

Бу эса соатига 2400 х 3 = 7200 мегаватт берадиган станция бўлади.

2800 га чўл шўр ер бизда йўқми?

Молия масаласига келсак, иккита реакторли АЭС учун Россия 10 миллиард доллар сарфламоқчи. Бу учун ўз ҳисобидан кредит бермоқчи. Кредит қарз дегани, барибир қарзни фоизи билан қайтариш керак.

Қуёш станциясига қанча пул сарфланиши мумкин?

Юқорида ҳисоблаганимиздек, АЭСдан кўра 3 баравар кўп энергия ишлаб чиқара оладиган станция ҳақида гапириш керак. Ҳозирги вақтда Хитой компаниялари қуёш энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларни 1 киловаттлигини 1000 доллардан ҳисоблашаяпти.

Бунга нималар киради?

Қуёш панеллари, панелларни ушлаб турувчи жиҳозлар, инверторлар, аккумуляторлар.

Қуёш бўлган пайтда бу станциялар энергияни истеъмолчига жўнатади ва ортиғини аккумуляторларга жойлайди. Қуёш бўлмаганда аккумуляторлар сақланган энергияни беради. Панеллар 25 йил ишлаб фақат 15 фоиз қуёш энергиясини электрга айлантириш қобилиятини йўқотади. Аккумуляторлар камида 20 йил ишлайди. Ҳамма жиҳозларга 10 йил кафолат берилади.

Демак, 7 200 000 киловатт (7,2 гигаватт) энергия ишлаб чиқариш учун қанча маблағ керак?

7 200 000 киловатт х 1000 $ = 7,2 миллиард доллар.

Бу ерда гап саноат қуёш электр станциялари ҳақида кетаяпти. Саноат станцияларининг нархи хусусий станцияларникидан фарқ қилади. Қуёш станциялари ҳақида келтирилган маълумотлар Хитой компанияларида бор. Нархлар кундан-кун пасаяяпти. Хоҳлаган одам интернетда ҳисобларни текшириши мумкин.

Ботиржон Очилов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг