Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазири Руслан Давлетов: илк мактаб кунлари, биринчи муаллим, устозларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида

Адлия вазири Руслан Давлетов: илк мактаб кунлари, биринчи муаллим, устозларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида

Фото:«Xabar.uz»

Адлия вазири Русланбек Давлетов устозлар куни сабаб барча касб эгаларини табриклаб, ўз ҳаётида муҳим ўрин тутган фидойи касб эгалари ҳақида гапирди.

— Илк мактабга борган кунингиз ва биринчи устозингизни кўрганингиздаги ҳаяжонингиз қандай бўлган?

— Мен ҳам оддий болалардек (юзига табассум югуради) жуда шўх, тўпалончи, бебош эдим. Болалигим жуда завқли ўтган. Синфдош қизларимизни ҳам кўп хафа қилардим. Балки ҳозир улар интервьюни ўқиётиб, буни эслашар. Мактабга борган биринчи кунимни яхши хотирлайман. Чунки бу кун мен учун жуда катта кун бўлган. Менга шу куни мактаб эшиги эмас, балки янги бир оламнинг эшиклари очилганди. Мактабимиз ўзим туғилиб ўсган Шовот туманидаги қишлоқдан нақ уч километр олисда, Туркманистон билан чегара бўлган ҳудуддаги 31-сон мактаб эди. Ҳар куни синфдошларимиз билан пиёда бориб-келардик. Бошқа тенгдошларимдан фарқли равишда мен олти ёшдан мактабга борганман. Боғчадаги ўртоқларим мен билан мактабга чиқишмаганидан хафа бўлганман. Биринчи устозим, бизга илк ҳарф танитган инсон Хонимжон опани кўп эслайман. Жуда ҳам фидойи, жонкуяр инсон. Бизга ҳаётда илк билим бериб, илк ҳаётий тасаввуримизни бойитган инсон сифатида қадрлайман биринчи устозимни.

Кейинчалик қишлоғимизда ҳам мактаб қурилган. Шу сабабли Шовот туманидаги 47-сонли умумий ўрта таълим мактабига ўқишимиз кўчирилган. Бу ерда холам директор ўринборсари бўлиб ишларди, шўхликларим учун менга жуда кўп танбеҳ берарди. Деярли ҳар куни дакки эшитардим. Ва бу менга ўша вақтда қаттиқ ботарди. Ҳозир ўйласам, бу қариндошлигимиз учун менга суянмасин, ўзи ўқишга интилсин деб қилинган муносабат экан. 9 синфдан бошлаб эса тумандаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган Ал-Хоразмий номидаги 1-сон вилоят лицейида ўқишни давом эттирганман.

Лицейда тарих фанига қизиқишим ортган. Хоразм вилоят олимпиадасида тарих фани бўйича биринчи ўринни эгаллаганман. Бу менга катта имконият берган. Хусусан, тарихни ўрганишга қизиқиш, давлатчилик, жамиятнинг пайдо бўлиши, нега ер шарининг у томони билан бу томонида жамиятлар ривожланиши ҳар хил кечганлиги, урушларнинг, диний муносабатларнинг цивилизацияга таъсирини ўрганишга иштиёқимни оширган.

Биринчи ўқитувчингиз Сизнинг бола тасаввурингизни қандай фазилатлари билан ўзига ром этган?

— Менинг ҳаётимда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ўқитувчиларимни ҳурмат билан эслайман доим. Буларнинг бири биринчи устозим бўлса, кейингиси рус тили ўқитувчимиз бўлади. Бу инсон ҳам кучли педагог бўлган. Ҳозиргача Хоразмга борганимда уларни йўқлаб тураман. Бу инсон менга рус тилида равон гапиришга, грамматикасини ўрганишимга катта ёрдам берган. Шунингдек, француз тилидан дарс берган устозимни ҳам яхши эслайман. Афсуски, ҳозирда устозим ҳаёт эмас, лекин ҳақиқий ўз касбининг фидойиси бўлган.

— Шахснинг қандай камол топиши, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши  биринчи устозга боғлиқми?

— Туртки бўлиши мумкин. Лекин ўйлайманки биринчи устоз ҳаётдаги ҳамма хулосалар, ҳамма қадамларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин эмас. Бу одамнинг ўзига ҳам боғлиқ. Чунки ҳаётда мактабдан кейин ҳам жиддий босқичлар бор. Масалан, мустақил фикр шакланадиган, катта ҳаётга кириб келадиган давр бу талабалик даври албатта. Мактабда одам жиддий ўйлар билан юрмайди, барибир болаликми болалик, ўн саккиз ёшгача биз вояга етмаган ҳисобланганимиздан бу даврда билимга берилиб, ўйнаб-кулиб, дўстлар бир-бирига меҳр қўйиб шаклланадиган давр ҳисобланади. Ҳамманинг ҳаётида ҳам биринчи устозининг таъсири ҳар хил бўлади. Менинг ҳуқуқшунос бўлишимда лицейдаги ўқитувчиларимнинг таъсир катта бўлган.

— Устозларга тилакларингиз...

— Бутун борлиғини, меҳрини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳамиша юксак баҳоларга муносибдир. Сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг, мураббийларнинг нуфузини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Соҳа қаддини ростлаяпти. Давлат раҳбари куни кеча ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригида «Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз «Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак» деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз», деган таъкидида ҳам мазкур эзгу мақсад мужассам. Жамиятимиз равнақини ҳеч қачон ташқаридан кимдир келиб кўтариб қўймайди. Юрт равнақини ўзимизнинг салоҳиятли кадрлар юксалтириши мумкин. Бундай кадрларни эса фидойи, маҳоратли, билим базаси кучли бўлган устозларгина шакллантира олади.

Азиз устозлар машаққатли меҳнатингизни доимо қадрлайман. Шахсан ўзим ҳамда Адлия вазирлиги жамоаси номидан Сиз азизларнинг келажак эгалари камолоти йўлидаги буюк хизматларингизга муваффақият тилайман.

Ҳамиша муҳаббатимиз ва ҳурматимиз, ардоғимиздасиз!

Дилфуза Эргашева суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг